Валюта курслари 15/11/2024
$1 – 12800.13
UZS – -0.06%
€1 – 13467.02
UZS – -1.07%
₽1 – 129.02
UZS – -0.87%
Қидириш
Ўзбекистон 01/12/2023 «Инсон ҳуқуқлари болалар нигоҳида» танлови ғолиблари тақдирланди
«Инсон ҳуқуқлари болалар нигоҳида» танлови ғолиблари тақдирланди

1 декабрь куни Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказида «Tong yulduzi» ва «Класс!» республика болалар нашрлари таҳририятлари билан ҳамкорликда ўтказилган «Инсон ҳуқуқлари болалар нигоҳида» танлови ғолибларини тақдирлаш маросими бўлди. 

Тантанали тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридан келган танлов ғолиблари ҳамда уларнинг ота-оналари, бобо-бувилари, муаллим-мураббийлари ҳозир бўлди. Тақдирлаш маросимида, шунингдек, таниқли ҳуқуқшунослар ва журналистлар, шоир ва ёзувчилар, жамоатчилик фаоллари иштирок этди. 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 12 майдаги Фармони билан тасдиқланган Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси қабул қилинганлигининг 75 йиллигига бағишланган тадбирлар дастурида мазкур танловни мамлакат миқёсида ўтказиш вазифаси Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Бола ҳуқуқлари бўйича вакили (Болалар омбудсмани) зиммасига юклатилган. Танлов Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг 75 йиллиги ва

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 31 йиллиги муносабати билан ташкил этилди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Cпикерининг биринчи ўринбосари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов тадбирни очар экан, мамлакатимизда истеъдодли, салоҳиятли болаларимизнинг бугуни ва келажаги ишончли қўлларда эканини таъкидлади. Конституция – ҳуқуқий билимлар алифбоси бўлиб, уни ўқиш ва уқиш муҳимлиги яна бир бор қайд этилди.

Ушбу танловнинг биринчи босқичига 23 февралда, иккинчи босқичига 1 июнь – Халқаро болалар кунида старт берилди. Танлов “Энг яхши мақола ва иншо”, “Энг яхши шеър”, “Энг яхши расм”, “Энг яхши видеолавҳа” йўналишлари бўйича ўтказилди.

Қисқа вақт ичида ёш ижодкорлар томонидан ҳар икки газета таҳририятларига 300 тадан ортиқ материал ва ижодий ишлар келиб тушди. Мазкур ижодий ишлар таҳлили, бир томондан, ёш ижодкорларнинг инсон ҳуқуқлари соҳасига қизиқишларини яққол намоён этган бўлса, иккинчи томондан, ҳар бир навқирон иштирокчининг танловга тақдим этган ижод намунаси ўзига хослиги ва бетакрорлиги билан ажралиб туришини кўрсатди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Бола ҳуқуқлари бўйича вакили (Болалар омбудсмани) Сурайё Раҳмонова, «Tong yulduzi»

газетаси бош муҳаррири Феруза Адилова, «Класс!» газетаси бош муҳаррири Маргарита Арутюнова ва бошқа сўзга чиққанлар эътироф этганидек, танловга келиб тушган аксарият ижодий асарларда Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси ва Ўзбекистон Республикаси Конституцияси нормаларининг болалар ҳаётида тутган ўрни ҳамда аҳамияти очиб берилган. Айниқса, танлов ғолибларининг ижодий ишлари қизиқарли услубларда ва нафис иқтидор билан яратилгани диққатга сазовор.

Танлов якунлари Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси 75 йиллиги муносабати билан эълон қилинган «Инсон ҳуқуқлари ўн кунлиги» доирасида ва Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 31 йиллиги байрами арафасида ўтказилиши бежиз эмас. Чунки бундай ҳуқуқий-маърифий тадбирлар ёш авлод қалбида она Ватанга меҳр ва садоқат туйғуларини ривожлантириш, фарзандларимизни Конституция ва қонунларга ҳурмат руҳида тарбиялашда муҳим аҳамият касб этади.

Танлов ғолибларига диплом ва ташкилотчиларнинг эсдалик совғалари тантанали равишда топширилди.

Танловда фаол иштирок этган болалар ҳам тақдирланди. Шунингдек, танловни ўтказишда фидойилик кўрсатган ҳамкор ташкилотлар ва таҳририятлар вакилларига ташаккурномалар тақдим этилди.

Тадбир якунида ғолиблар ўз шеърларидан ўқиб берди. Танлов ҳайъати эътирофга сазовор бўлган расмлар ва видеолавҳалар намойиш этилди. Мусиқа ва қўшиқлар янгради.

 

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг