Валюта курслари 12/11/2024
$1 – 12803.81
UZS – -0.15%
€1 – 13677.03
UZS – -1.06%
₽1 – 130.64
UZS – -0.46%
Қидириш
Ўзбекистон 19/04/2022 Инсон ҳуқуқлари бўйича таълимда олий таълим муассасалари бирдамлигининг ўрни
Инсон ҳуқуқлари бўйича таълимда олий таълим муассасалари бирдамлигининг ўрни

2022 йил 19 апрель куни Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказида Миллий марказ ҳузуридаги Илмий-мувофиқлаштирувчи кенгашнинг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Унда инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълимни ривожлантириш бўйича халқаро тажриба муҳокама қилинди.

Гибрид форматда ўтказилган тадбир Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ва Россиянинг Қозон федерал университети ҳамкорлигида ташкил этилди.

Учрашувда инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълимнинг халқаро ҳуқуқий асослари кўриб чиқилди. Ушбу йўналишда илмий тадқиқотларни рағбатлантириш тажрибасини ўрганишга алоҳида эътибор қаратилди.

Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим ва халқаро инсон ҳуқуқлари нормалари ва тамойиллари тўғрисидаги маълумотларни кенг ёйиш масаласи билан БМТ деярли ташкил топган пайтидан буён доимий равишда шуғулланиб келмоқда. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов ўз нутқида атрофлича тўхталди.

Таъкидланганидек, инсон ҳуқуқлари ва асосий эркинликларига тўлиқ риоя қилиш учун маърифат ва таълимнинг муҳимлиги ҳақидаги қоида 1948 йилги Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясида аллақачон мустаҳкамлаб қўйилган.

Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари бўйича қўшма магистратура йўналишини очиш мақсадида ташкил этилган мамлакатимиз юридик таълим муассасалари консорциумининг расмий иш бошлагани бу борада муҳим воқеа бўлди. Консорциум таркибига мамлакатимиз Бош прокуратураси Академияси, Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказ, Тошкент давлат юридик университети, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети кирган.

Учрашувда Қозон федерал университети вакиллари, хусусан, Халқаро алоқалар бўйича факультет декани ўринбосари, юридик фанлар доктори Рустем Давлетгилдеев, Халқаро ва Европа ҳуқуқи кафедраси раҳбари, юридик фанлар доктори, профессор Адел Абдуллин, Ҳуқуқ факультети декани, юридик фанлар доктори, профессор Лилия Бакулина Россия университетлари консорциумининг инсон ҳуқуқлари бўйича таълим соҳасидаги тажрибаси билан ўртоқлашдилар.

Консорциум 10 та университетни ўз ичига олган. Анжуманда

ушбу тузилманинг “Инсон ҳуқуқларини халқаро ҳимоя қилиш” магистратура дастурини амалга ошириш бўйича тажрибаси тақдим этилди.

Илмий-мувофиқлаштирувчи кенгаш йиғилишида инсон ҳуқуқлари бўйича таълим соҳасида илмий ва таълим муассасаларининг инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлари ва давлат тизими амалиётчилари билан ҳамкорлиги ва ўзаро шериклиги даражасини ошириш зарурлиги қайд этилди.

Шунингдек, инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим олишда янги ахборот технологияларидан фойдаланиш мақсадга мувофиқлиги таъкидланди.

 

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг