Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси ҳам сайловолди чора-тадбирларини амалга оширишга улкан масъулиятни ҳис этган ҳолда ёндашмоқда. Хусусан, партия Сиёсий Кенгашининг яқинда бўлиб ўтган V мажлисида партиянинг навбатдаги Съездида Ўзбекистон Республикаси Президенти лавозимига Шавкат Мирзиёев номзодини кўрсатиш тўғрисида таклиф киритиш қарори қабул қилинди.
Амалдаги сайлов қонунчилигига мувофиқ ҳамда Марказий сайлов комиссиясига тақдим этилган ҳужжатлар асосида O‘zLiDeP мамлакатимизда фаолият юритаётган бошқа сиёсий партиялар қатори Президент сайловида иштирок этишга ижозат олди.
— Ўзбекистон Республикаси Президентлигига O‘zLiDePдан кўрсатилган номзодни қўллаб-қувватлаш борасида сайловчилар имзосини тўплаш ишларини уюшқоқлик билан ўтказишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шу мақсадда партия Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси йиғилишининг қарори ҳам қабул қилинди, — дейди O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси ўринбосари Б. Якубов. — Унга кўра ҳудудий партия ташкилотлари қошида ишчи гуруҳлари ташкил этилди, улар сайловчилар имзоларини тўплаш жараёни учун масъул этиб белгиланди. “Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида”ги қонунга биноан партия томонидан тақдим этиладиган имзо варақалари Ўзбекистон Республикаси жами сайловчиларининг умумий сонининг камида бир фоизини ва камида саккизта маъмурий-ҳудудий тузилма намояндаси бўлган сайловчиларнинг имзосини қамраб олган бўлиши керак. Бинобарин, 21 миллион 435 минг 9 нафар сайловчининг 1 фоизи 214 минг 350 нафарни ташкил этмоқда. Биз 300 мингта сайловчи имзосини тўплаш таклифини илгари сурдик.
Имзо тўплаш якунланганидан сўнг партия Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитасида ҳудудий партия ташкилотларидан имзо варақаларини қабул қилиш бўйича махсус ишчи гуруҳи тузилади. Сўнгра сиёсий кучнинг ваколатли вакили Қорақалпоғистон Республикаси, ҳар бир вилоят ва Тошкент шаҳри бўйича алоҳида-алоҳида қилиб тикилган имзо варақаларини Марказий сайлов комиссиясига топширади.
Марказий сайлов комиссияси тақдим этилган ҳужжатларни етти кун ичида текшириб чиқади ва уларнинг қонун талабларига мувофиқлиги тўғрисида хулоса беради.
Ана шуларни инобатга олган ҳолда партиянинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашларига имзо варақаларини ўрнатилган тартибда, белгиланган муддатларда, хатоликларга йўл қўймаган ҳолда талаб даражасида тўлдириш ва Ижроия қўмитага топшириш юзасидан тегишли вазифалар белгилаб берилди.
Ҳозирда республикамизнинг барча ҳудудларида имзо тўплаш жараёни қизғин кечмоқда.
Имзоларни ўз вақтида тўплаш масаласи белгиланган талабларга мувофиқ равишда самарали ташкил этилмоқда. Бунда сайловчиларга имзо варақаларини тўлдириш тартиб-таомиллари аниқ-равшан тушунтирилмоқда. Шунингдек, партия ҳудудий Кенгашларидаги масъул ходимлар томонидан имзо варақаларининг тегишли шахслар ва муайян ҳудуддаги партия туман (шаҳар) тузилмалари раҳбарлари томонидан тасдиқланиши устидан назорат ўрнатилган.
— Имзо тўплаш жараёни қонунга асосан бўлиб ўтяпти, — дейди O‘zLiDeP Самарқанд вилоят Кенгаши аппарат раҳбари Илҳом Ботиров. – Партия марказий органлари томонидан имзо тўплаш жараёнини ҳар жиҳатдан мукаммал ўтказиш, варақалар тўғри тўлдирилиши устидан назоратни йўлга қўйиш бўйича аниқ топшириқлар берилди. Мазкур тадбирларни уюшқоқлик билан ўтказиш учун шаҳар ва туман партия кенгашлари ва бошланғич партия ташкилотлари имкониятларидан самарали фойдаланиш масаласига жиддий эътибор берилаяпти. Жумладан, Сиёсий таълим маркази кўмагида имзоларни тўплашда иштирок этаётган шахслар билан зарур машғулотлар ўтказдик.
— Айни дамларда биз учун жуда ҳам муҳим жараён бошланди десак, янглишмаган бўламиз, – дейди O‘zLiDeP Навоий вилоят Кенгаши раиси Яшин Душанов. – Сайловдан олдинги имзо йиғиш жараёни номзоднинг халқ орасида обрў-эътиборини, унинг қанчалик даражада халқ орасига кириб борганлигини кўрсатиб берадиган ҳолатдир. Айни дамда вилоятимизда 600 минг дан ортиқ сайловчи мавжуд. Уларнинг кўпчилигини 35 ёшгача бўлган ёшлар ташкил этади. Марказий Сайлов комиссияси томонидан партиямизга имзо варақалари топширилган кундан бошлаб жойларда имзо йиғиш жараёнлари бошлаб юборилди. Ўз сафида 21 минг нафардан зиёд маслакдошни бирлаштирган O’zLiDeP Навоий вилоят Кенгашида ҳозирда иш қизғин. Вилоятнинг ҳар бир шаҳар-у туманида, қишлоқ-у овулларида имзо йиғиш жараёни давом этмоқда. Шу нарсани алоҳида этироф этмоқчиманки, юртимиздаги фуқаролар сайлов жараёнларига бефарқ эмаслигини, уларнинг нақадар фаол эканликларини, аҳолимизнинг эртанги кунга бўлган ишончи янада юқори эканлигини кўрсатади.