ИЛМА Ўзбекистонда капиталлар, суғурта ва қимор ўйинлари бозорлари регулятори мақомини олди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 17 апрель куни Миллий истиқболли лойиҳалар агентлиги (ИЛМА) ваколатларини кенгайтиришга доир қонунни имзолади.
Қабул қилинган ўзгартишларга мувофиқ, ИЛМА расман капитал бозорлари ва суғурта хизматларини тартибга солиш бўйича ваколатли орган мақомини олди. Бундан ташқари, ИЛМА лотереяларни ташкил этиш ваколатига ҳам эга бўлади.
Қонунга кўра, букмекерлик фаолияти, лотереялар ва интернет орқали қимор ўйинлари ўтказиш лицензия талаб қилинадиган фаолият турлари қаторига киритилди.
Бундан ташқари, ҳужжат “Суғурта фаолияти тўғрисида”ги қонунда ҳам ўзгаришлар киритишни назарда тутади, унда суғурта компаниялари раҳбарлари ва уларнинг эгалари учун ишбилармонлик обрў-эътиборига оид талаблар белгилаб қўйилади.
Эслатиб ўтамиз, 2024 йил апрель ойида Президент қимор ва букмекерлик фаолиятини қонунийлаштириш тўғрисида қарор имзолаганди. ИЛМА ушбу ислоҳот зарурлигини амал қилиб келаётган тақиқлар самарасиз бўлгани, валютанинг хорижга чиқиб кетиши, қиморга бўлган қарамликнинг ортиши ва фирибгарлик ҳолатлари кўпайиши билан изоҳлади.
Декабрь ойида Вазирлар Маҳкамаси қимор ўйинлари ва букмекерлик компаниялари ташкилотчиларига қўйиладиган талабларни белгилайдиган регламентни тасдиқлади. Унда устав капитали миқдори, захира фонди ҳажми, ўйинчи ҳисобини рўйхатдан ўтказиш тартиби ва бошқа шартлар белгилаб қўйилган.
ИЛМА букмекерлик ва онлайн-казино фаолияти учун беш йил муддатга лицензия бериш ҳуқуқига эга қилинди. Лицензия йиғими 500 асосий ҳисоб-китоб миқдори (187,5 млн сўм), лицензияга ўзгартириш киритиш эса 250 АҲМ (93,75 млн сўм) миқдорида белгиланди.
2025 йил январь ойида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси букмекерлик ва қимор ўйинлари ташкилотчилари учун лицензиялаш меъёрларини мустаҳкамловчи, шунингдек, айрим тоифадаги фуқароларнинг иштирокини чекловчи қонун лойиҳасини маъқуллади.
«Миллий тикланиш» фракцияси раҳбари Алишер Қодиров партия бу ташаббусни фақатгина аввалги тақиқловчи чоралар самарасизлигини тан олган ҳолда қўллаб-қувватлаганини таъкидлади.