Валюта курслари 27/09/2024
$1 – 12736.48
UZS – -0.17%
€1 – 14193.53
UZS – -0.52%
₽1 – 137.60
UZS – -0.33%
Қидириш
Ўзбекистон 26/03/2018 Илк бор жигар трансплантацияси амалиёти ўтказилган бемор шифо топиб уйига қайтди
Илк бор жигар трансплантацияси амалиёти ўтказилган бемор шифо топиб уйига қайтди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- Мамлакатимиз тиббиёти тарихида илк бор жигар трансплантацияси амалиёти ўтказилган бемор шифо топиб уйига қайтди Мамлакатимиз тиббиёти тарихида илк бор жигар трансплантацияси амалиёти ўтказилган бемор паркентлик 26 ёшли Убайдулла Дадахўжаев бугун шифо топиб уйига қайтди.

Мутахассислар таъкидлашича, жигарнинг терминал босқичдаги сурункали диффуз касалликлари, ўткир жигар етишмовчилиги, резекция қилинмайдиган манбали жигар касалликлари каби ҳолатларда фақатгина шу аъзо трансплантацияси бемор ҳаётини сақлаб қолиши мумкин. Бундай юқори технологик операциялар Америка, Россия, Германия, Норвегия, Швейцария ва Ҳиндистон каби тиббиёти ривожланган давлатлардагина бажарилади, холос. Бугун юртимиз ҳам ушбу мамлакатлар қаторидан жой олгани қувонарлидир.

— Трансплантология амалиётини бажаришга тиббиёт муассасамизда катта тайёргарлик кўрилди, — дейди академик В.Воҳидов номидаги Республика ихтисослаштирилган хирургия илмий-амалий тиббиёт марказининг портал гипертензия ва панкреатодуоденал соҳа хирургияси бўлими бош илмий ходими, тиббиёт фанлари доктори, профессор Андрей Девятов. — Марказимизнинг техник имкониятлари яхшиланди, мутахассисларимиз АҚШ, Франция, Жанубий Корея, Туркия, Швейцария ва Россия Федерацияси каби давлатларда малака ошириб қайтди. Беморга унинг акаси 30 ёшли Ҳаёт Дадахўжаев донорлик қилди. Ва ниҳоят 15 соат давом этган операцияни муваффақиятли якунлашга эришдик. Ҳозир беморнинг ҳам донорнинг ҳам аҳволи яхши. Бемор тавсияларимизга тўла амал қилса, у тезда бутунлай соғайиб кетади.

— Укамга ёрдам бериш чорасини излардик. Бироқ жигар трансплантацияси учун хорижга чиқишга тўғри келиши, бунинг учун катта маблағ талаб этилиши оиламизни қийин аҳволга солиб қўйганди. Мамлакатимиз тиббиётига бундай янгиликнинг кириб келиши укамни ҳаётга қайтарди. Мана, бугун у дарддан фориғ бўлиб, янги ҳаётга қадам қўйди. Ишонаманки, тиббиётимизнинг бу ютуғи яна кўплаб беморларга соғлом ҳаёт бахш этади. Қанча-қанча оилалар бу имкониятдан баҳраманд бўлади, — дейди Убайдулланинг акаси Ҳаёт Дадахўжаев.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги Ахборот хизмати.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг