Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- Ушбу ҳодиса ҳақидаги лавҳани Sevimli телеканали «Zamon» дастури доирасида тайёрлади. Маълум бўлишича, 30 ёшли Рушана Раҳмонқулова ўзига тўқ яшаган. Унинг эри рўзғорни унга ишониб, ўзи пул топиш учун Россияга жўнаб кетган.
Турмуш ўртоғининг йўқлигидан фойдаланиб, аёл ўз эрининг жияни билан жинсий алоқа қилишни бошлаган. 2017 йилда эса ундан қиз фарзанд кўрган.
Жинсий алоқа ҳақида қариндошлари билиб қолгач, аёл “ўйнаши” билан тил бириктириб, жиноят содир этишга қарор қилган. Аёл 2011 йилда туғилган тўнғич қизи Баҳора Тўйчиевага 12 марта, 2017 йилда туғилган кенжа қизи Мадина Раҳмонқуловага эса 5 маротаба пичоқ билан жароҳат етказган. Ўз фарзандларини ўлдирган Рушана Раҳмонқулова ўзини ҳам ўлдирмоқчи бўлиб, қорин ва кўкрак қисмига пичоқ билан 9 марта зарба берган. Аммо, у тирик қолган.
Жиноят ишлари бўйича Самарқанд суди Рушана Раҳмонқулова ва Мамур Илашевни айбдор деб топган. Эркак 97-модданинг 2-қисми «в», «ж» бандларида кўзда тутилган жиноятларни содир этишда айбдор деб топилиб, 17 йил муддатга озодликдан маҳрум этилиш жазосини олган. Рушана Раҳмонқулова ҳам шу модда билан айбдор деб топилиб, 13 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинган.