Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ва UNFPA ўртасида 2025-2026 йилларга мўлжалланган ҳаракатлар режаси имзоланди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 2025 йил 19 август куни Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги директори Мансурбек Оллоёров БМТ Аҳолишунослик жамғармаси (UNFPA)нинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Нигина Абасзада билан учрашди.
Томонлар гендер асосидаги зўравонликнинг олдини олиш ва унга қарши курашиш, аёллар ва ва қизларни, жумладан ногиронлиги бўлган аёлларни қўллаб-қувватлаш, мутахассисларнинг касбий салоҳиятини кучайтириш, шунингдек, оилани режалаштириш ва аёллар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида хабардорликни оширишга оид кенг кўламли масалаларни муҳокама қилдилар.
Учрашув якунида 2025–2026 йилларга мўлжалланган Ҳаракатлар режаси имзоланди. У инновацион ёндашувларни жорий этиш, инклюзив амалиётларни ривожлантириш ва ижтимоий хизматлар сифатини янада оширишни кўзда тутади.
Эришилган келишувлар аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож тоифалари манфаатларини ҳимоя қилиш, гуманитар соҳадаги ҳамкорликни кенгайтиришнинг янги истиқболларини очмоқда.