Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Қонунчилик ҳужжатлари ижросини самарали ташкил этишда давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари раҳбарларининг шахсий жавобгарлигини кучайтиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” 2021 йил 10 февралдаги ПФ-6166-сон Фармонига асосан Адлия вазирлигига қонунлар, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармон, қарор ва фармойишлари ҳамда топшириқлари ижросини ташкил этиш ва назорат қилиш билан боғлиқ вазифалар юкланган.
Хусусан:
қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқларнинг амалда бажарилишига тўсқинлик қилаётган муаммолар ва омилларни аниқлаш, уларни ҳал этиш бўйича тегишли вазирлик ва идоралар олдига аниқ масалаларни қўйиш;
давлат органлари ва ташкилотларига қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқлар ижроси юзасидан ҳуқуқий-услубий кўмаклашиш, уларнинг тегишли бўлинма раҳбарларини ижро интизомига риоя этилиши бўйича ўқитишда иштирок этиш бўйича вазифалар белгиланган.
Адлия вазирлиги томонидан ҳам қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқларни ижрочиларга ўз вақтида етказиш, мазмун-моҳиятини тушунтириш, тўлиқ ва сифатли ижро этилишини ташкил этишга доир тавсияларни ўз ичига олган ҳуқуқий-услубий қўлланма барча учун тушунарли бўлган ва содда тилда тайёрланди ҳамда барча давлат органи ва ташкилот раҳбарининг кундалик фойдаланиши учун юборилди.
Жойларда Фармоннинг мазмун-моҳиятини ҳамда ундан кўзланган мақсадларни “маҳаллабай” тамойили асосида, шунингдек оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда пресс релиз, инфографика, махсус видеодарслар, слайд ва бошқа визуал таништирув воситалари орқали кенг етказиш амалиёти йўлга қўйилди.
Топшириқлар ижросини бажаришда юзага келаётган муаммоларни ҳамкорликда ҳал қилиш, масъул ижрочиларга ҳуқуқий-услубий жиҳатдан кўмаклашиш мақсадида ҳар ҳафта пайшанба ва жума кунлари Адлия вазирлигида вазирлик ва идоралар вакиллари билан учрашиш, улар билан “жонли мулоқот” ўтказиш амалиёти йўлга қўйилди.
Бундай мулоқотлар муаммоли масалаларни ҳал этишда ижобий самара бермоқда. Натижада, ўз ечимини кутаётган аксарият топшириқларнинг белгиланган тартибда назоратдан ечилиши таъминланмоқда.
Давлат органлари ва ташкилотларининг ижро интизомига масъул бўлинмаларининг ижро интизомини мустаҳкамлашдаги ролини ошириш, ижро интизомига масъул таркибий бўлинмалар раҳбарлари учун ўқув-амалий семинарлар ва стажировкалар ташкил этилмоқда.
Хусусан, вазирлик ва идораларнинг масъул раҳбар ва мутахассисларининг билим ва тажрибасини мунтазам ошириб бориш учун Вазирлар Маҳкамаси ҳамда Адлия вазирлигининг тегишли бошқармаларида стажировка ўташ амалиёти жорий этилди.
Хусусан, 2023 йилда вазирлик ва идораларнинг 594 нафар раҳбар ва мутахассислари стажировка ўтади.
Шундан, республика ижро этувчи ҳокимият органларининг 332 нафар, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари аппаратларининг 54 нафар, туманлар ва шаҳарлар ҳокимликларининг 208 нафар ижро интизомига масъул таркибий бўлинмаларининг мутахассислари стажировкадан ўтказилди.
Ўтган йилнинг март ойидан бошлаб Юристлар малакасини ошириш марказида давлат органлари ва ташкилотларининг ижро назорати бўлинмалари ходимларини ўқитиш йўлга қўйилди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти топшириқлари ижро ҳолати, эришилаётган ижобий натижалар ҳамда соҳадаги айрим камчиликларни халқчил тарзда очиб беришга мўлжалланган “Алоҳида назорат” ҳамда “Президент қарорлари – ҳаётда ва назоратда” кўрсатувлари “O‘zbekiston 24” телеканалида ёритиб келинмоқда.
мунтазам равишда давлат органлари ва ташкилотларининг ҳужжатлар ижросини таъминлаш борасидаги фаолиятини жамоатчилик назорати воситаларидан кенг фойдаланган ҳолда “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати ва “Тараққиёт стратегияси” маркази иштирокида ёритиш ва муҳокама қилиш ишлари ташкил этилмоқда.
Шу билан бирга, Адлия вазирлиги томонидан топшириқларнинг ижросини барвақт ташкил этиш билан боғлиқ масалалар таҳлил қилиб борилмоқда. Бунда топшириқларнинг ижроси бевосита жойига чиққан ҳолда мониторинг қилиш, манзилли ва тематик ўрганишлар орқали ҳам назорат қилиб борилмоқда.
Таҳлил жараёнида топшириқлар ижро этилиши бўйича маълумотларга холис баҳо бериш мақсадида қуйидаги мезонлар белгилаб олинган:
биринчиси – қонунийлик, яъни қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилган қоидалар ва талабларга тўлиқ риоя этилганлиги;
иккинчиси – долзарблик, яъни қабул қилинаётган қонунчилик ҳужжатларида белгиланаётган вазифа ва топшириқларнинг Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан олиб борилаётган давлат сиёсати ҳамда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятига мослиги;
учинчиси – тўлиқлик, яъни ҳужжатларда кўзланган мақсадларга – кўрсаткичларга эришганлиги (сони, миқдори, ҳажми ва бошқа кўрсаткичлар);
тўртинчиси – ҳаққонийлик, яъни топшириқлар ижроси натижалари бўйича маълумотларнинг амалда қилинган ишлар билан ўзаро мувофиқлиги;
бешинчиси – масъулиятлилик, яъни ҳужжатлар ижросини ўз вақтида
ва сифатли таъминлаш борасида масъул ижрочилар томонидан ўз ваколати доирасида кўрилган барча зарурий чоралар.
Маълумот ўрнида, 2023 йил давомида 267 та Президент ҳужжатларидаги топшириқлар ижроси мониторинг қилинди, 30 дан ортиқ ташкилотларда 250 га яқин Президент ҳужжатларидаги 6 300 дан ортиқ топшириқлар ижроси бевосита ўрганилди.
Назорат тадбирлари натижалари бўйича тегишли давлат органлари ва ташкилотларига 43 та тақдимнома киритилди ҳамда ижро интизоми бузилишига йўл қўйган 77 нафар ходим интизомий жавобгарликка тортилди.
Адлия вазирлиги томонидан қонунлар, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармон, қарор ва фармойишлари ҳамда топшириқлари ижросини ташкил этиш ва назорат қилиш билан боғлиқ ишлари давом эттирилмоқда.