Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Қишлоқ хўжалиги вазири Иброҳим Абдураҳмонов Қишлоқ хўжалигини ривожлантириш халқаро жамғармаси – IFADнинг минтақавий директори Лаура Маттиоли билан учрашди.
Унда шу кунгача икки томонлама ҳамкорликда муваффақиятли йўлга қўйилган лойиҳалар, шунингдек, келгусида амалга ошириладиган истиқболли режалар муҳокама қилинди.
Мамлакатимиз қишлоқ хўжалигини ривожлантиришда ўзаро ҳамкорликнинг аҳамияти ҳақида тўхталган вазир Иброҳим Абдураҳмонов 2019 йилда бошланган “Қишлоқ хўжалигини диверсификация ва модернизация қилиш” лойиҳаси муваффақиятли амалга оширилаётгани, лойиҳа доирасида шу кунгача ўзлаштирилган грант маблағларининг Фарғона водийси вилоятларида қишлоқ аҳолисининг даромадлари ва турмуш тарзи яхшилашда тутган ўрнини алоҳида эътироф этди.
Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, мазкур лойиҳа доирасида аҳолининг бизнес салоҳиятини ошириш, қўшилган қиймат занжири, экспорт ва импорт, ўсимликлар карантини лабораторияси жиҳозларидан тўғри фойдаланиш мавзуларида семинар-тренинглар ташкил этилган. Шунингдек, Фарғона шаҳрида лаборатория ташкил этилиб, бу ерга энг сўнгги юқори аниқлик даражасига эга асбоб-ускуналар, мебель жиҳозлари, реагентлар ва шиша идишлар харид қилинган. Водий вилоятларида 3 та ветеринария клиникалари қурилиб айни пайтда жиҳозлаш ишлари олиб борилмоқда.
Учрашув давомида келгусида ҳамкорликда амалга ошириладиган ишлар юзасида ҳам қатор таклифлар ўртага ташланиб, уларнинг халқчиллиги, самарадорлиги ҳамда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ва қўшилган қиймат занжирларини яратишда тутган ўрни муҳокама қилинди.
Учрашув сўнгида Қишлоқ хўжалиги вазири Иброҳим Абдураҳмонов мамлакатимиз аграр тармоғи ривожига қўшган муносиб ҳиссаси учун Қишлоқ хўжалигини ривожлантириш халқаро жамғармаси минтақавий директори Лаура Маттиоли “Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалиги фидойиси” кўкрак нишони билан тақдирланганини эътироф этар экан, унга ушбу мукофотни топширди.