Матбуот ходимларини қутлар экан, меҳмонхона бош менежери Пунит Тандон меҳмонхона ҳақида батафсил маълумот берди. Жумладан, бу ердаги умумий хоналар сони 300 тани ташкил этиши, шулардан 38 та “Regency Suites”, 8 та эксклюзив люкс, 5 та дипломатик люкс ва битта президент люкси бўлиб, уларнинг майдони оддий стандант хоналар 35 квадрат метрдан бошланиб, президент люкс хонаси каби 190 квадрат метргача эканлиги ҳақида тўхталиб ўтди.
Шундан сўнг барча оммавий ахборот воситалари ходимлари учун меҳмонхона хизмати билан яқиндан таништириш учун саёҳат уюштирилди. Журналистларга энг аввало, биринчи қаватдаги “Хива” ресторани намойиш этилди. Бу ерда меҳмонлар шу ернинг ўзида қурилган тандирда иссиққина пишган патир нон ва сомсалардан татиб кўриб, нонвойларнинг маҳоратига баҳо беришди.
Шу куни меҳмонларга матбуот анжумани ўтказиш учун мўлжалланган конференция хоналари, оилавий тадбир ва маросимларни ўтказиш имконини берадиган банкет заллари, яхшидаб ҳордиқ чиқариш учун spa-салонлари ва 7-қаватдаги ёпиқ бассейн ҳавзаси ва Италиянинг машҳур пиццаси намойиш этилди.
Бир сўз билан айтганда яқин орада ўз фаолиятини бошлайдиган “Hyatt Regency Uzbekistan Tashkent” меҳмонхонаси юртимиз ва хорижий давлат фуқароларига хизмат кўрсатишга шай.