Валюта курслари 15/11/2024
$1 – 12800.13
UZS – -0.06%
€1 – 13467.02
UZS – -1.07%
₽1 – 129.02
UZS – -0.87%
Қидириш
Ўзбекистон 16/02/2024 Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академиясида очиқ эшиклар куни бўлиб ўтди
Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академиясида очиқ эшиклар куни бўлиб ўтди

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 28 ноябрдаги «Жиноятларни тергов қилиш соҳасида малакали кадрларни тайёрлашнинг сифат жиҳатидан янги тизимини жорий этиш тўғрисида»ги Фармонига асосан Бош прокуратура Академияси негизида Ўзбекистон Республикаси Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси ташкил этилиб, жиноятларни тергов қилиш соҳасида кадрларни амалиёт билан узвий боғлиқлигини таъминлаган ҳолда ягона ёндашув асосида тайёрлашга қаратилган узлуксиз ўқув тизими йўлга қўйилди.

Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академиясида 2023/2024 ўқув йилидан бошлаб бакалавриатнинг «Тергов фаолияти» ҳамда юриспруденциянинг бошқа бакалавриат таълим йўналишларида юридик кадрларни тайёрлаш жорий этилди.
Ҳозирда Академия бакалавриатининг «Тергов фаолияти» йўналишига 2024/2025 ўқув йили учун қабул жараёни давом этмоқда. Ўқишга қабул қилиш очиқлик ва шаффофлик принциплари асосида ташкил этилган.

Академия Call-марказига бакалавриатга ҳужжат топширишга доир кўплаб саволлар келмоқда. Бу эса битирувчи ўқувчилар орасида Академияга қизиқиш уйғонганлигини кўрсатмоқда.

Шу муносабат билан, 2024 йил 15 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академиясида очиқ эшиклар куни бўлиб ўтди.

Шу куни Академияга Тошкент шаҳри мактаблари ва Юридик техникум битирувчилари, ИИВ ҳузуридаги Тошкент шаҳри ва вилояти академик лицейлари, академия талабаларининг ота-оналари, шунингдек ОАВ вакиллари ташриф буюрдилар. 

Меҳмонларни Академия раҳбарияти ва ходимлари, Бош прокуратура вакиллари, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари фахрийлари қарши олдилар.

Иштирокчилар Академия бакалавриатига қабул ва ўқув жараёнини ташкил этишнинг ўзига хослиги ва афзалликлари билан яқиндан танишдилар. 

Академия «тергов фаолияти» йўналишида бакалавриат дастури бўйича таълим олиш муддати уч йилни ташкил этиб, битирувчиларга белгиланган давлат намунасидаги диплом берилади.
Ўқитиш ўзбек ва рус тилларида, давлат грантлари асосида ташкил этилади. Битирувчиларга ваколатли давлат органларида камида уч йил ишлаб бериш мажбурияти юкланади.
Академияга қабул қилишда абитуриентларнинг муайян тоифаларига республиканинг бошқа олий таълим муассасаларига кириш учун қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилган имтиёзлар татбиқ этилмайди.

Муҳими, Академиянинг “Тергов фаолияти” йўналиши бўйича битирувчилари ваколатли давлат органларига хизматга қабул қилинганда фақат офицерлар таркибига кирувчи ёки даражали унвон берилиши кўзда тутилган лавозимларга тайинланади.

Тергов ва прокуратура соҳаси кадрларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тизими билан яқиндан таништириш мақсадида
меҳмонлар учун Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академиясида экскурсия ташкил этилди.

Тадбир давомида Академиянинг махсус полигонида иштирокчилар тергов-криминалистика тактикалари ва методикаларини амалий қўллаш имитациясида, шунингдек воқеа жойини кўздан кечириш ва жиноятни очишга оид қизиқарли квест мусобақасида иштирок этишди, ушбу синовда ғолиб бўлган зукко ва билимдон ёшларга эсдалик совғалар топширилди.

Шу билан бирга, экскурсия давомида меҳмонлар криминалистика хонаси, суд имитацияси хонаси, экспертиза лабораторияси ва бошқа амалий ҳамда вазиятли машғулотлар ўтказиш учун махсус жиҳозланган хоналарни кўздан кечирдилар.

Республикамизда биринчи бўлиб ташкил этилган Академия DarkWeb киберлабораторияси, шунингдек тергов жараёнларида полиграф (детектор) технологияларини қўллаш, шунингдек мобил криминалистик автолаборатория имкониятлари
имкониятлари ёшларда айниқса катта қизиқиш уйғотди.

Битирувчи синф ўқувчилари Академия бакалавриатининг “Тергов фаолияти” ва “Прокурорлик фаолияти” ўқув дастурлари, бакалавриатга кириш ва таҳсил олиш тартибига оид саволларига атрофлича жавоб олишди.

Академияда очиқ эшиклар куни ўтказиш яхши анъанага айланиб бўлди, бундай тадбирлар тизимли равишда ўтказиб келинади.

 

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг