Hunnu Air Улан-Батордан Тошкентга тўғридан-тўғри қатновларни бошлайди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Бугун, 23 июнь куни Монголия пойтахти Улан-Батор шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг давлат ташрифи арафасида Ўзбекистон–Монголия бизнес-форуми бўлиб ўтди.
Тадбир доирасида Транспорт вазирининг биринчи ўринбосари Маманбий Омаров Мўғулистоннинг “Hunnu Air” авиакомпанияси раҳбари Пуревжав Мунхжаргал билан учрашув ўтказди.
Учрашувда томонлар Улан-Батор шаҳридан Тошкентга тўғридан-тўғри авиақатновларни йўлга қўйиш билан боғлиқ масалаларни муҳокама этишди.
Хусусан, музокара давомида “Hunnu Air” авиакомпаниясига керакли слотлар ажратилиши масаласига аниқлик киритилди ҳамда транзит йўловчиларга хизмат кўрсатиш механизми ва тартибини мувофиқлаштириш бўйича амалий чора-тадбирлар белгиланди.
Томонлар фуқаро авиацияси соҳасида келгусидаги ҳамкорликни янада ривожлантиришга оид келишувларга эришди.
Тегишли келишувга мувофиқ “Hunnu Air” авиакомпанияси жорий йил сентябрь ойида Улан-Батордан Тошкентга илк парвозни амалга оширишни режалаштирмоқда.