Валюта курслари 20/09/2024
$1 – 12724.84
UZS – -0.12%
€1 – 14223.83
UZS – 0.23%
₽1 – 137.11
UZS – -1.46%
Қидириш
Иқтисод 30/08/2022 Ҳудудларда қайси истеъмол товарларига талаб юқори?
Ҳудудларда қайси истеъмол товарларига талаб юқори?

Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти (ПМТИ) экспертлари ҳудудлар аҳолиси даромад даражасининг муқобил кўрсаткичларини таҳлил қилди. 

Ҳудудлар аҳолиси даромадининг муқобил кўрсаткичи сифатида 2021-йил давомида Google платформасидаги маълум узоқ муддатли истеъмол товарлари бўйича қидирувлар сони олинди. Бунда Google Trends веб иловасидан фойдаланилди. Излашлар сони ҳудудлар аҳоли сонига нисбатан ҳисобланган вазн кўрсаткичлари ёрдамида қайта баҳоланди. 

Олинган натижаларга кўра, Навоий, Сирдарё ва Бухоро вилоятларида кондиционер ва мебелга, Сирдарё, Навоий ва Тошкент вилоятларида совутгичга, Навоий, Сирдарё ва Жиззах вилоятларида телевизорга талаб юқори бўлган. 

Маълумот учун: Аҳоли жон бошига ЯҲМ ҳажми бўйича республика ҳудудлари орасида Навоий вилояти биринчи ўринда бўлса, Тошкент, Бухоро, Сирдарё ва Жиззах вилоятлари Тошкент шаҳридан кейинги етакчилар ҳисобланади.

Енгил автомобиллар (Spark, Damas, Cobalt, Gentra) бўйича қидирув натижаларига кўра, Ўзбекистондаги энг оммабоп автомобиль Spark экани маълум бўлди. Тошкент вилоятида қидирувларнинг 43%и, Андижонда 38%и, Самарқандда 36%, Фарғонада 31%, Наманган вилоятида 30%и ва Тошкент шаҳрида 36%и Spark автомобилининг ҳиссасига тўғри келган. Google платформасида Spark энг кам изланган ҳудудлар сифатида Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм ва Сирдарё вилоятларини келтириш мумкин.

Маълумот учун: Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм ва Сирдарё вилоятлари шаҳар ва шаҳарчалар сони бўйича мамлакат ҳудудлари орасида қуйи ўринлардан жой олади. 

Қорақалпоғистон (33%), Хоразм, Бухоро ва Сурхондарё (31%), Навоий ва Жиззахда (28%) Cobaltга талаб энг юқори экани аён бўлди. Шунингдек, Damas Сирдарё вилоятида (33%), Gentra эса Қашқадарё вилоятида (26%) энг кўп изланган автомобиль бўлган.

Аҳолининг аксарият қатлами фойдаланадиган уяли алоқа воситаларидан Redmi, Galaxy va iPhone русумли мобил воситалар қиёсланганда, Redmi мобил алоқа воситаси бошқаларига нисбатан талабгир бўлиб, Google қидирувлари таркибида Қашқадарё (55%), Сурхондарё (50%), Хоразм (48%) ва Сирдарё (48%) вилоятларида энг кўп улушга эгалиги аниқланди. Galaxy алоқа воситасига қизиқиш даражаси деярли барча ҳудудларда нисбатан паст бўлиб чиқди. iPhone дан фойдаланиш Тошкент шаҳри (59%), Бухоро (46%), Самарқанд (46%) ва Тошкент вилоятида (45%) урфга кирган, дейиш мумкин. 

Маълумот учун: Қашқадарё, Сурхондарё ва Сирдарё вилоятларида аҳоли жон бошига тўғри келадиган реал даромадлар Ўзбекистон бўйича ўртача кўрсаткичдан 16-23% кам бўлса, Тошкент шаҳри, Бухоро ва Тошкент вилоятлари бу жабҳада етакчи ҳудудлар саналади.

Хулоса сифатида айтиш мумкинки, Ўзбекистон ҳудудларида автомобилларни танлашда инфратузилманинг ривожланиш даражаси муҳим аҳамият касб этади. Маиший техника ва уй рўзғор буюмлари харидлари назарий жиҳатдан ҳудуднинг иқтисодий салоҳияти, хусусан, аҳолининг реал даромадлари ҳажми билан узвий боғлиқ бўлиши керак. Бу фараз қисман тасдиқланганига қарамай, натижалар Сирдарё ва Бухоро вилоятлари аҳолисининг техникага талаби расмий статистик маълумотларга қараганда баланд эканини кўрсатди.

 

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг