Валюта курслари 25/09/2024
$1 – 12754.83
UZS – 0.06%
€1 – 14202.50
UZS – 0.31%
₽1 – 137.21
UZS – -0.04%
Қидириш
Ўзбекистон 14/12/2021 «Ҳудудлараро ҳамкорлик ва бизнес яхлитлигини мустаҳкамлаш» мавзусидаги Европа ва Осиё тадбиркорлик субектларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакиллар халқаро форуми бўлиб ўтди
«Ҳудудлараро ҳамкорлик ва бизнес яхлитлигини мустаҳкамлаш» мавзусидаги Европа ва Осиё тадбиркорлик субектларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакиллар халқаро форуми бўлиб ўтди

Ўзбекистонда тадбиркорликни ривожлантириш устуворлиги ҳисобга олинган ҳолда давлат органлари ва ишбилармонлар ўртасида мулоқотни йўлга қўйиш муҳим аҳамият касб этмоқда. Шу билан бирга, Ўзбекистонда узоқ вақт давомида тадбиркорларнинг давлат органлари билан мавжуд муаммоларини ҳал этишда кўмаклашувчи, тадбиркорлик соҳасидаги қонунчиликни такомиллаштириш ташаббуси билан чиқадиган, шунингдек, тадбиркорлар фаолиятидаги текширувларни мувофиқлаштирадиган институтга эҳтиёж бор эди. Шу мақсадларда 2017 йилда Ш.Мирзиёев ташаббуси билан Ўзбекистонда Бизнес-омбудсман институти ташкил этилди.

2021 йил 14 декабр куни Тошкент шаҳрида Европа ва Осиё тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакиллар (Бизнес-омбудсманалар) «Ҳудудлараро ҳамкорлик ва бизнес яхлитлигини мустаҳкамлаш» мавзусидаги халқаро форуми бўлиб ўтди.  

Тадбирда Ўзбекистон, Россия Федерацияси, Қозоғистон, Қирғизистон, Грузия, Украина, тадбиркорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакиллар (Бизнес-омбудсманлар), Корея Республикасидаги инвесторлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича Омбудсман ҳамда Польшадаги кичик ва ўрта корхоналар бўйича Омбудсманлар иштирок этдилар.

Бизнес-омбудсман институти давлатнинг тадбиркорлик фаолиятига аралашувининг олдини олиш, шунингдек, тадбиркорларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга ихтисослашган орган сифатида мамлакатимизда ишбилармонлик муҳитини яхшилаш ва инвестиция жозибадорлигини оширишга ҳисса қўшмоқда.

Таъкидлаш жоизки, пандемия келтириб чиқарган жиддий синовлар мамлакатлар ўртасида ишонч ва яқин ҳамкорликни ўрнатиш ва мустаҳкамлаш, иқтисодиётни ривожлантириш ва ишбилармонлик муҳитини яхшилаш бўйича биргаликда чораларни амалга ошириш зарурлигини намоён этди.

Ушбу тадбир доирасида амалга ошириладиган ҳамкорлик давлатнинг иқтисодиётдаги иштирокини қисқартиришга, тадбиркорларни максимал даражада қўллаб-қувватлашга ва бизнес юритиш учун ўта содда шароитларни яратишга қаратилган институционал ва таркибий ислоҳотларни амалга ошириш имконини берди.

Тадбир якуни бўйича тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш ва ҳурмат қилиш, хусусий секторда қонунийлик ва ҳуқуқ-тартиботни таъминлаш бўйича биргаликдаги саъй-ҳаракатларни амалга ошириш чора-тадбирларини ўзида акс эттирувчи Тошкент декларацияси имзоланди. 

Декларацияни имзолаш орқали форум иштирокчилари миллий ва халқаро норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини қўллаш бўйича бир-бирларига ҳуқуқий маслаҳатлар беришга тайёр эканликларини тасдиқладилар. Ўзбекистоннинг кўплаб давлатлар билан жадал ривожланиб бораётган иқтисодий алоқаларини ҳисобга оладиган бўлсак, мазкур чора-тадбирлар форумда иштирок этаётган давлатлар ҳудудида ўзбек тадбиркорларини ҳимоя қилиш ва Ўзбекистонда хорижий тадбиркорларни ҳимоя қилишда муҳим аҳамият касб этади.

Таъкидлаш жоизки, илгари Ўзбекистон Бизнес-омбудсмани томонидан Россия Федерацияси, Қозоғистон ва Грузия мамлакатларининг Бизнес-омбудсманлари билан меморандумлар имзоланган эди. Тошкент декларациясининг имзоланиши турли мамлакатлар Бизнес-омбудсманлари ўртасидаги ҳамкорликни янги босқичга кўтаришга имкон яратади, ваҳоланки мазкур ҳужжат тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида ҳамкорликни янада кенгайтириш, фикр, ахборот ва амалий тажриба алмашиш мақсадида доимий равишда учрашувлар ўтказишни назарда тутади.

Тошкент декларациясида белгиланган чора-тадбирларнинг амалга оширилиши иштирокчи-давлатлар иқтисодиётининг рақобатбардошлигини оширишда шубҳасиз ижобий самара беради.

 

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг