Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- Жорий йилнинг 23-24 февраль кунлари Ҳиндистонинг Мумбай шаҳрида “The Times Travel Show Expo” йирик сайёҳлик кўргазмаси бўлиб ўтди. Унда Ҳиндистонинг етакчи туризм компаниялари, сайёҳлик соҳаси билан боғлиқ турли саноат ташкилотлари, етакчи авиакомпаниялар, хорижий давлатлар делегациялари иштирок этишди.
Кўргазма майдонига мамлакатимизнинг Ҳиндистондаги элчихонаси ва “Ўзбекистон ҳаво йўллари” Миллий авиакомпанияси Мумбай шаҳридаги ваколатхонаси ҳамкорлигида Ўзбекистон стенди ўрнатилди. Республикамизнинг туризм салоҳияти, тарихи, маданияти руҳида безатилган стендда инглиз тилида тайёрланган турли маълумотлар, брошюралар, видеоматериаллар жойлаштирилди. Қолаверса, Наманган вилояти туризм салоҳиятига бағишланган алоҳида бурчак ҳам ташкил этилди. Унда худудда хорижий сайёҳлар учун зиёрат туризми, экотуризм, оилавий туризм ва бошқа йўналишларда мавжуд имкониятлар намойиш этилди.
Икки кун давом этган мазкур кўргазмага келган 10 мингдан орти меҳмонлар мамлакатимизнинг сайёхлик салоҳияти, мавжуд туризм йўналишлари, яратилаётган имкониятлар ва қулайликлар бўйича тўлиқ маълумотларга эга бўлишди. Хусусан, ҳиндистонликлар “e-visa” тизими ва бу йўналишда киритилган эркинликлар, Мумбай ва Тошкент шаҳарлари ўртасида йўлга қўйилган авиақатновлар тўғрисида батафсил билиб олдилар.