Валюта курслари 20/09/2024
$1 – 12724.84
UZS – -0.12%
€1 – 14223.83
UZS – 0.23%
₽1 – 137.11
UZS – -1.46%
Қидириш
Молия 14/04/2012 Ҳиндистон Молия вазирлиги делегацияси Ўзбекистонга ташриф буюрди
Ҳиндистон Молия вазирлиги делегацияси Ўзбекистонга ташриф буюрди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан 2012 йил 9 апрелда тасдиқланган дастурга мувофиқ, Ўзбекистон Республикасига ташриф буюрган Ҳиндистон Республикаси Молия вазирлигининг Тўғри солиқлар марказий идораси раиси жаноб Лакшман Дас бошчилигидаги расмий делегацияни 11 апрель куни Давлат солиқ қўмитасида бўлди.

Учрашув чоғида Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Ҳиндистон Республикаси Ҳукумати ўртасида 1993 йил 29 июлда имзоланган икки томонлама солиқ солишга йўл қўймаслик ҳамда даромад ва сармоядан солиқ тўлашдан бош тортишнинг олдини олиш тўғрисидаги Битимга ўзгартириш киритиш тўғрисидаги Баённома имзоланди. Мазкур Баённоманинг аҳамияти шундаки, у икки давлат солиқ органлари ўртасидаги ўзаро муносабатларнинг янада мустаҳкамланишига ҳамда солиқ маъмурчилигини такомиллаштириш соҳасида яқиндан ҳамкорлик ўрнатилишига имконият яратади, Давлат солиқ қўмитаси Ахборот хизмати хабар беради.

Учрашувда, шунингдек, хорижий делегация аъзоларига Ўзбекистон Республикасида чет эл инвесторлари учун яратилган қулай сармоявий муҳит, имтиёз ва имкониятлар ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 10 апрелдаги «Тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар жалб этилишини рағбатлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармони моҳияти тушунтирилди.

Ўз навбатида, меҳмонлар солиқ ва божхона тўловларидаги енгилликлар Ўзбекистон иқтисодиётига узоқ муддатли инвестициялар олиб киришда муҳим кафолат бўлиб хизмат қилиши ҳақида фикр билдиб, мамлакатимиздаги инвестициявий муҳитга Ҳиндистон тадбиркорлари катта қизиқиш билан қараётгани, икки давлат ишбилармонлари ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш учун барча зарур шароитлар яратилишини маълум қилдилар, икки давлат ўртасида солиққа оид ахборотлар алмашиш механизмларини янада такомиллаштириш, солиқ маъмурчилиги ва ахборот-коммуникация технологиялари соҳасида ўзаро тажриба алмашиб бориш тўғрисида келишиб олинди.

Шу билан бирга, хорижий делегация аъзолари Ўзбекистон солиқ тизимида эришилаётган ижобий натижалар, солиқ тўловчиларга хизмат кўрсатиш даражасини юксалтириш йўлида амалга оширилаётган ишлар, Давлат солиқ қўмитаси ҳузурида ташкил этилаётган Маълумотларни қайта ишлаш ва солиққа оид ахборотларни сақлаш маркази лойиҳаси ҳамда Солиқлар тарихи музейи билан таништирилди.

Шу куни хорижий меҳмонлар Давлат солиқ қўмитаси томонидан «Ёшлар ижодиёт маркази»да ташкил этилган «Интерактив хизматлар – солиқ тўловчилар хизматида» мавзусидаги кўргазмали семинарда қатнашдилар, Тошкент шаҳридаги «Фарҳод деҳқон бозори» ҳамда Давлат солиқ қўмитасининг Спорт-соғломлаштириш марказига ташриф буюриб, давлат солиқ хизмати органлари томонидан олиб борилаётган ишлар билан яқиндан танишдилар.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг