Валюта курслари 27/11/2024
$1 – 12820.47
UZS – 0.04%
€1 – 13470.47
UZS – 0.21%
₽1 – 122.26
UZS – -1.0%
Қидириш
Иқтисод 30/10/2020 “Ҳиндистон-Марказий Осиё” II ишбилармонлар кенгашининг қўшма баёноти.
“Ҳиндистон-Марказий Осиё” II ишбилармонлар кенгашининг қўшма баёноти.

2020 йил 28 октябрда Ҳиндистон ташқи ишлар вазири раислигида “Ҳиндистон-Марказий Осиё” II ишбилармонлар кенгашининг йиғилиши видеоконференция шаклида бўлиб ўтди. Тадбирда Қозоғистон Республикаси, Тожикистон Республикаси, Туркманистон ва Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазирлари, шунингдек Қирғизистон Республикаси ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари иштирок этди. Афғонистон Ислом Республикаси ташқи ишлар вазири вазифасини бажарувчи вакил учрашувга махсус меҳмон сифатида ташриф буюрди.

Вазирлар 2019 йил 13 январда Самарқандда бўлиб ўтган “Ҳиндистон-Марказий Осиё” мулоқотининг 1-учрашувини Ҳиндистон ва Марказий Осиё давлатлари ўртасида сиёсий, хавфсизлик, иқтисодиёт ва савдо, ривожланиш учун ҳамкорлик, гуманитар ва маданий соҳаларда, шериклик соҳасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш, шунингдек, томонларни қизиқтирган минтақавий ва халқаро масалалар бўйича фикр алмашиш, БМТ ва бошқа кўп томонлама форумлар доирасида ҳамкорликни кенгайтириш учун платформа яратишда юқори баҳолашди. Вазирлар Ҳиндистон ва Марказий Осиё ўртасида ўзларининг тарихий, маданий ва цивилизацион алоқалари ҳамда анъанавий равишда халқлараро алоқалар асосида ҳар томонлама ва узоқ муддатли шериклик ўрнатишга чақирдилар.

Вазирлар Ҳиндистон ва Марказий Осиё давлатларининг санитария-эпидемиология хизматлари ўртасида COVID-19 пандемиясига қарши курашда яқин ҳамкорликни давом эттириш зарурлигини таъкидладилар. Қозоғистон, Қирғизистон Республикаси, Тожикистон ва Ўзбекистон вазирлари Ҳиндистоннинг COVID-19 пандемиясига қарши курашда ўз мамлакатларига кўрсатган гуманитар тиббий ёрдами учун миннатдорлик билдирди.

Марказий Осиё вазирлари Ҳиндистоннинг алоқа, энергетика, ахборот технологиялари, соғлиқни сақлаш, таълим, қишлоқ хўжалиги ва бошқалар каби устувор ривожланиш лойиҳалари учун 1 миллиард АҚШ доллари миқдоридаги кредит линиясини мамнуният билан қабул қилдилар. Вазирлар, шунингдек, минтақа мамлакатларида жамоатчиликни ривожлантириш бўйича самарали лойиҳалар ва ижтимоий-иқтисодий ривожланишни рағбатлантириш учун Ҳиндистоннинг грант ёрдами кўрсатиш таклифини мамнуният билан қабул қилдилар.

Вазирлар савдо-иқтисодий ҳамкорликни янада кенгайтириш, шу жумладан Ҳиндистон ва Марказий Осиё мамлакатлари ишбилармон доиралари ўртасида тўғридан-тўғри алоқаларни ривожлантириш бўйича биргаликдаги саъй-ҳаракатларнинг муҳимлигини таъкидладилар. Шу нуқтаи назардан, вазирлар 2020 йил 6 февралда Ню-Деҳлида Ҳиндистон Савдо-саноат палаталари федерацияси, Қозоғистон Халқаро савдо палатаси, Қирғизистон Савдо-саноат палатаси, Тожикистон Республикаси, Туркманистон Савдо-саноат палатаси ва Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палаталаридан ташкил бўлган  “Ҳиндистон - Марказий Осиё” ишбилармонлар кенгашининг бошланишини мамнуният билан қабул қилдилар. 

Вазирларнинг таъкидлашича, “Ҳиндистон-Марказий Осиё” мулоқоти доирасида бизнес ва бизнес ўртасидаги ўзаро алоқалар органи сифатида “Ҳиндистон-Марказий Осиё” ишбилармонлар кенгаши ишбилармонлик алоқаларини ривожлантиришда, солиқ солишни чуқур англашда, Ҳиндистон ва Марказий Осиёда бизнесни тартибга солишда, шунингдек, бизнес, инвеститсияларни, айниқса кичик ва ўрта бизнес соҳасида рағбатлантиришда кўмаклашиши керак. 

Вазирлар савдо ва тижоратни кенгайтириш учун алоқаларни ўрнатиш, шунингдек, Ҳиндистон ва Марказий Осиё ҳалқлари ўртасидаги алоқаларни ўрнатиш муҳимлигини таъкидладилар. Вазирлар ўз мамлакатларининг транзит ва транспорт салоҳиятини янада ривожлантириш, минтақадаги логистика тармоғини такомиллаштириш, минтақавий ва халқаро транспорт йўлларини яратиш бўйича қўшма ташаббусларни илгари суришдан доимий манфаатдорликларини билдирдилар. Шу муносабат билан Марказий Осиё мамлакатлари вазирлари Ҳиндистон томонидан Эрондаги Чабаҳар порти инфратузилмасини модернизация қилиш борасидаги саъй-ҳаракатларини юқори баҳоладилар, бу Марказий ва Жанубий Осиё бозорлари ўртасидаги савдо-транспорт алоқаларида муҳим рол ўйнаши мумкин.

Вазирлар терроризмни барча шакллари ва кўринишларида қораладилар ва уларнинг хавфсиз ҳудудларни, тармоқларни, инфратузилмани ва терроризмни молиялаштириш каналларини йўқ қилиш орқали ўз мамлакатларининг ушбу таҳдид билан курашишга қатъий қарор қилганликларини тасдиқладилар. Шунингдек, улар ҳар бир давлат ўз ҳудудидан бошқа давлатларга қарши террористик ҳаракатларни амалга оширишда фойдаланилмаслигининиг зарурлигини таъкидладилар.

Вазирлар Афғонистоннинг Ҳиндистон ва Марказий Осиё ўртасидаги мулоқотда иштирок этишини олқишладилар. Афғонистон можаросини Афғонистон бошчилигида бўлган, Афғонистонга қарашли ва Афғонистон назорати остидаги тинчлик жараёни асосида ҳал қилишга чақирдилар. Вазирлар Афғонистонни ривожлантириш ва иқтисодий қайта қуриш, жумладан инфратузилма, энергетика, транзит ва транспорт лойиҳаларини амалга ошириш орқали ҳамкорликни кучайтиришга қизиқиш билдирдилар. Шунингдек, улар Афғонистоннинг сўнгги 19 йил ичида эришган ижтимоий-иқтисодий ривожланиши ва сиёсий ютуқларини сақлаб қолиш муҳимлигини таъкидладилар. Вазирлар бирлашган, суверен ва демократик Афғонистон Республикасини қўллаб-қувватлашларини билдирдилар.

Вазирлар Афғонистон иштирокидаги маданий тадбирлар, маърифий ва илмий лойиҳаларни амалга оширишда қўшма ташаббусларнинг муҳим салоҳиятига эътибор қаратдилар ва афғон томонининг халқаро ёшлар форумлари, фестиваллари, мусобақалари, илмий конферентсиялар, кўргазмалар ва бошқа қўшма тадбирларда иштирок этиш учун кўмаклашиш ниятларини билдирдилар.

Вазирлар Ҳиндистон ва Марказий Осиё мамлакатлари ўртасидаги гуманитар, маданий, таълим ва туризм соҳасидаги ҳамкорликнинг муҳимлигини таъкидладилар. Мамлакатга келадиган сайёҳлар сонининг кўпайиши, бутун минтақа бўйлаб сайёҳлик маршрутларини яратиш, виза жараёнини соддалаштириш ва туризм инфратузилмасига сармояларни рағбатлантириш таъкидланди. Вазирлар Ҳиндистон ва Марказий Осиё мамлакатларидан бир-бирларининг олий ўқув юртларида таҳсил олаётган кўплаб талабаларни ижтимоий фаровонлигини таъминлаш муҳимлигини таъкидладилар.

Марказий Осиё вазирлари 2019 йил апрел ойида Ҳиндистонда Марказий Осиё оммавий ахборот воситаларининг делегатсиясини қабул қилгани учун, 2019 йил июл ойида Ню-Деҳлидаги Сушма Свараж ташқи хизмат институтида Марказий Осиё дипломатларини ўқитгани учун ва 2019 йил декабр ойида Маданий алоқалар бўйича кенгаш томонидан Ню-Деҳлида ташкил этилган Марказий Осиёга бағишланган халқаро рақс фестивали учун Ҳиндистонга ўз миннатдорликларини билдирди. 

Марказий Осиё мамлакатлари вазирлари Ҳиндистон ташқи ишлар вазирига “Ҳиндистон-Марказий Осиё” II ишбилармонлар кенгашини ташкил этгани учун ўз миннатдорликларини билдирди. Вазирлар Ҳиндистон ва манфаатдор Марказий Осиё давлатларида Афғонистон иштирокида “Ҳиндистон-Марказий Осиё” мулоқоти доирасида ҳар йили учрашувлар ўтказишни келишиб олдилар.

 

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг