Валюта курслари 30/09/2024
$1 – 12715.42
UZS – -0.17%
€1 – 14190.41
UZS – -0.02%
₽1 – 137.00
UZS – -0.44%
Қидириш
Ўзбекистон 27/04/2019 «Harlem Globetrotters» Ўзбекистон мактабларида буллингга қарши курашиш учун ёшлар билан бирлашмоқда
«Harlem Globetrotters» O'zbekiston maktablarida bullingga qarshi kurashish uchun yoshlar bilan birlashmoqda

Ташкент, Узбекистан (UzDaily.uz) – Жорий йилнинг 29 апрелидан 4 майига қадар Американинг «Harlem Globetrotters» жамоаси «T.E.A.M Up at School» дастури доирасида баскетбол ўйинини ёшлар орасида тарғиб қилиш ва буллингга қарши курашишиш мақсадида юртимизга ташриф буюради.

«Harlem Globetrotters» ташрифи Халқ таълими вазирлиги ва АҚШ элчихонасининг спортни ривожлантириш ҳамда буллингга қарши курашишдаги кенг кўламли ташаббуси ҳисобланади.  

- Баскетбол АҚШнинг энг машҳур спорт турларидан бири ҳисобланади. Биз ҳам ўз навбатида баскетболни Ўзбекистонда ривожлантиришни режалаштирмоқдамиз. Чунки бу спорт тури жамоада ишлашни ўргатишга имкон яратади. АҚШда баскетбол ўйинига болаларни жалб қилиш орқали жиноятчиликни камайтириш дастурлари муваффақиятли амалга оширилган. Ўйлашимча, бу тажриба биз учун ҳам фойдали бўлади. Ушбу лойиҳа доирасида Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилган бешта ташаббуснинг иккинчисини амалга оширишга ўз ҳиссамизни қўшамиз», - дея таъкидлади Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов.   

«Harlem Globetrotters» аъзолари Фатима Листер (TNT) ва Жулиус МакКларкин (Zeus) мамлакатимизга ташриф буюриб, АҚШнинг Буллингга қарши миллий кампанияси томонидан яратилган, T.E.A.M Up at School дастури доирасида қатор маҳорат дарсларини ўтказишлари режалаштирилган.

T.E.A.M Up at School дастури ўқувчиларга буллинг билан курашишда кўмак беради. T.E.A.M. – гапирмоқ (talk), раҳм қилмоқ (empathize), сўрамоқ (ask) ва мобиллашмоқ (mobilize) маъноларини англатади.

- Ўқувчилар учун қулай ўқув муҳитини яратиш мақсадида Халқ таълими вазирлиги билан ҳамкорликни қўллаб-қувватлашдан фахрланамиз. Ёшлар ҳамжиҳатликда ишлашни ўрганиб, турли хил келишмовчиликларни зўравонлик билан эмас, балки мулоқот билан келишишни ўрганса, мактаблар болалар учун хавфсиз масканга айланиши мумкин, - дейди АҚШ элчиси маслаҳатчиси Дебби Робинсон. 

Ушбу дастурнинг очилиш маросими 29 апрель куни Тошкент шаҳридаги 211-мактабда бўлиб ўтади. «Harlem Globetrotters» вакиллари мазкур тур давомида юртимиз бўйлаб буллингга оид тақдимотларини Тошкент шаҳри, Наманган, Андижон ва Фарғона вилоятларида 60 дан ортиқ мактабларга намойиш этади. Бир ярим соатлик дастур давомида баскетболчилар турли хил ўйинлар орқали ўқувчи ва ўқитувчиларга зўравонликка қарши курашишни тушунтириб беради. Маҳорат дарслари якунида иштирокчиларга «Harlem Globetrotters» гуруҳи томонидан сертификатлар топширилади.

Шунингдек, лойиҳа доирасида АҚШлик профессор Лори Вульф мактаб ўқитувчилари ва психологларига ижобий психология усуллари бўйича бир қатор семинарлар ўтказади. 

«Harlem Globetrotters» баскетбол жамоаси 1920 йилда ташкил этилган бўлиб, бугунга қадар акробатик ва цирк услубига яқин, шунингдек  унутилмас томошаларни намойиш этиб келмоқда. «Harlem Globetrotters» чиқишларини ҳар йили 1,5 миллион аҳоли кузатиб боради. Баскетбол жамоаси ва унинг асосчиси Эйбом Саперстен Баскетбол шон-шуҳратлари залига киритилган. 

«Harlem Globetrotters» жамоасининг ташрифи Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ва АҚШнинг Давлат департаменти томонидан ташкил этилди.

Манба: Ўзбекистон республикаси халқ таълими вазирлиги матбуот хизмати.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг