Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг мажлисида депутатлар “Ҳарбий хизматчилар, ҳарбий хизматга мажбурлар ва сафарбарлик чақируви резервида ойлик йиғинларни ўтаётган шахсларнинг моддий жавобгарлиги тўғрисида”ги қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда кўриб чиқди.
Таъкидланганидек, ушбу қонун лойиҳаси билан амалдаги “Умумий ҳарбий мажбурият ва ҳарбий хизмат тўғрисида”ги қонун билан белгиланган ҳарбий хизматчиларнинг моддий жавобгарлигига оид нормаларга ойдинлик киритилиб, мазкур масала юзасидан яхлит қонун ҳужжатини қабул қилиш назарда тутилмоқда.
Шунингдек, лойиҳада ҳарбий хизматчиларни моддий жавобгарликка тортиш асослари, ҳарбий хизматчиларнинг чекланган ёки тўлиқ моддий жавобгарлиги масалалари, етказилган зарар миқдорини аниқлаш тартиб-таомиллари, етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш тартиби каби муҳим нормалар аниқлаштирилмоқда.
Мазкур қонун лойиҳасининг қабул қилиниши ҳарбий хизматчиларнинг хизмат фаолияти самарадорлигини оширишга, ҳарбий интизомнинг мустаҳкамланишига хизмат қилади.
Мажлисда қонун лойиҳаси учинчи ўқишда қабул қилинди.