Валюта курслари 23/09/2024
$1 – 12729.83
UZS – 0.04%
€1 – 14207.76
UZS – -0.11%
₽1 – 137.46
UZS – 0.26%
Қидириш
Иқтисод 05/02/2018 Ҳамкорлик Меморандуми тадбиркорлар ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилади
Ҳамкорлик Меморандуми тадбиркорлар ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилади
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- Давлатимиз раҳбари ўтган йил 12 июлда Олий Мажлис палаталари аъзолари, сиёсий партиялар ва Ўзбекистон Экологик ҳаракати вакиллари билан ўтказган видеоселектор йиғилишида парламентимиз ҳузурида қонунчилик муаммоларини ўрганиш билан шуғулланадиган институт ташкил этишни тавсия қилган эдилар.

Юртбошимизнинг мазкур таклифи асосида жорий йилдан бошлаб Олий Мажлис ҳузурида қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти ташкил этилди.

Таъкидлаш керак, ҳуқуқни қўллаш амалиёти, қонунларни қўллашда юзага келаётган муаммоларни чуқур илмий таҳлил қилиш, илғор хорижий давлатлар қонунчилиги ва тажрибасини қиёсий ўрганиш асосида қонунчилигимизни такомиллаштириш билан шуғулланадиган мазкур институтнинг Қонунчилик палатасидаги партиялар фракциялари ва сиёсий партиялар билан ҳамкорлиги муҳим аҳамиятга эга.

Шу боис O‘zLiDeP Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти билан ижтимоий шериклик соҳасидаги муносабатларни мустаҳкамлаш ва 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича – Ҳаракатлар стратегияси ҳамда Президентимизнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасида белгиланган вазифаларни амалга ошириш мақсадида мазкур тадқиқот институти билан ҳамкорлик меморандумини имзолади.

Мазкур меморандумда энг асосий эътибор Ҳаракатлар стратегияси доирасидаги тайёрланадиган қонун лойиҳаларининг экспертлар ҳамда жамоатчилик ўртасида кенг муҳокама этилишини таъминлаш, илмий-тадқиқот, ахборот-таҳлилий ҳамда таълим муассасалари билан ҳамкорликни йўлга қўйишдан иборат. Бундан ташқари, имзоланган ҳужжат партиямиз учун қонунчилик муаммолари ва уларни бартараф этиш бўйича аҳоли ва электоратнинг фикр-мулоҳазалари ҳамда таклифларини ўрганиш, қонун лойиҳаларини аҳоли ўртасида кенг муҳокама қилиш ва илмий экспертизадан ўтказишда ғоят муҳим аҳамият касб этади.

Шунингдек, қонунчиликдаги долзарб муаммолар бўйича давра суҳбатлари, жамоатчилик муҳокамалари, социологик сўровлар ва бошқа шаклларда тадбирларни ташкил этиш ва ўтказиш имконияти яратилди. Ҳамкорлик Меморандумида тадбиркорлар учун ортиқча бюрократик ҳаражатларни қисқартириш, тадбиркорларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини чеклаб қўйган муаммоларни бартараф этиш юзасидан қонунчиликка ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш бўйича аниқ таклифлар тайёрлаш каби масалалар ўрин олган.

Тадбирда мазкур ҳужжат мамлакатимизни янада ривожлантириш тадбиркорлар ҳуқуқ ва манфаатларини ишончли ҳимоя қилишга қаратилган қонунчиликни янада такомиллаштиришга хизмат қилиши алоҳида эътироф этилди.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг