Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миграция агентлиги, Ташқи ишлар вазирлиги, Қатардаги элчихонамиз масъулларидан иборат Ўзбекистон делегацияси Доҳада яна бир йирик иш берувчи компания раҳбари Muhammad Al-Suvaydiy билан учрашув ўтказди.
Навбатдаги янги ҳамкор Қатардаги энг йирик тиббиёт муассасаси "Hamad Medical Corparation" бўлиб, мамлакатда кўрсатилаётган тиббий хизматларнинг 90 фоизи ушбу муассаса ҳиссасига тўғри келади.
Мулоқотда, бугунги кунда Қатарда умумий ҳисобда 12 минг ҳамшира мавжуд бўлса, шундан атига 70 нафари қатарликлар, қолгани чет элликлар экани таъкидланди.
Учрашувда "Hamad" тиббиёт муассасаси ва Миграция агентлиги ўртасида ҳамкорликка келишиб олинди.
Ҳамкорлар йилига 1000 нафар ҳамширага эҳтиёжи борлигини билдирган бўлса, Ўзбекистон томони мамлакатимизда иш берувчи талаби асосида мақсадли тайёрлашга барча шароитларни яратишини таъкидлади.