Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ҳакимжон Абдумуминович Долимов Фарғона вилояти ҳокимининг қурилиш, барьерсиз муҳит яратиш, коммуникациялар, коммунал хўжалик, экология ва кўкаламзорлаштириш масалалари бўйича ўринбосари лавозимига тайинланди.
Унгача у Фарғона вилояти ҳокимлиги ҳузуридаги капиталь қурилиш соҳасида буюртмачи хизмати директори лавозимида ишлаган. Янги ўринбосарнинг расмий тақдимоти вилоят ҳокимлиги йиғилишида ўтказилгани ҳақида Фарғона вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати маълум қилди.
Ҳ. Долимов 1983 йилда Бувайда туманида туғилган. 2006 йилда Фарғона политехника институтини тамомлаган.
Меҳнат фаолиятини Фарғона вилояти Иқтисодиёт бош бошқармаси мутахассиси сифатида бошлаган. Бош мутахассис, бошқарма бошлиғининг биринчи ўринбосари, ҳоким ўринбосарининг саноат, коммуникациялар ва коммунал хўжалик масалалари бўйича котибияти мудири лавозимларида ишлаган. Шунингдек, Иқтисодий ривожланиш ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ҳузуридаги Миллий ва ҳудудий инвестициялар йўналишлари ва лойиҳаларини шакллантириш бошқармасининг бош мутахассиси лавозимини эгаллаган.
2021 йилдан янги лавозимга тайинлангунга қадар Ҳ. Долимов Фарғона вилояти ҳокимлиги ҳузуридаги капиталь қурилиш соҳасида буюртмачи хизмати директори лавозимида фаолият юритган.