Валюта курслари 30/09/2024
$1 – 12715.42
UZS – -0.17%
€1 – 14190.41
UZS – -0.02%
₽1 – 137.00
UZS – -0.44%
Қидириш
Ўзбекистон 29/03/2019 “Ҳаж” ва “Умра” сафарлари учун қўшимча авиарейслар қатнови йўлга қўйилмоқда
“Ҳаж” ва “Умра” сафарлари учун қўшимча авиарейслар қатнови йўлга қўйилмоқда

Ташкент, Узбекистан (UzDaily.uz) – Тошкент шаҳар ҳокимлиги томонидан миллий-диний қадриятларимизни асраб-авайлаш ва ривожлантиришга қаратилган эътиборга бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди.

Унда юртимизда жорий этилаётган қулайликлар аҳолимизнинг кўнглини кўтараётганлиги, тинчлик-осойишталик ва бағрикенглик муҳитига шукроналик келтиришида муҳим омил бўлаётганлиги эътироф этилди.

Хусусан, фуқароларнинг Ҳаж ва Умра амалларини ташкил этиш масалалари муҳокама этилди.

Йиғилишда “Ҳаж” ва “Умра” тадбирларини ташкил этиш ва ўтказиш масалалари бўйича Жамоатчилик кенгаши фуқароларнинг умра зиёратига боришга бўлган эҳтиёжини инобатга олиб, “Ўзбекистон ҳаво йўллари” миллий авиакомпанияси билан биргаликда қўшимча авиарейслар қатнови йўлга қўйилаётганлиги маълум қилинди.

Учрашувда Ўзбекистон Республикаси ҳукумати юртдошларимиз қулай тарзда диний ибодатларини амалга ошириши учун зарур барча шарт-шароитларни яратаётганлиги алоҳида таъкидланди.

Маълумот учун, жорий йилда Республика бўйича 16 минг фуқаро Умра зиёратини амалга оширган бўлиб, Тошкент шаҳридан зиёратга 2,5 мингдан зиёд фуқаро бориб келган.

Умра зиёрати даврида дин соҳасида фаолият юритаётган малакали ходимлар зиёратчиларга гуруҳ раҳбари сифатида хамроҳлик қилмоқда. Зиёратчиларга тиббий хизмат кўрсатилмоқда, қулай шароитга эга меҳмонхоналар ажратилган, фуқаролар 3 маҳал иссиқ таомлар билан таъминланган ва Саудия Арабистони Қироллигида транспорт масалалари тўлиқ ҳал этилган.

Фуқароларни ҳаж ва умра зиёратига юбориш ишлари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 7 июндаги “Ҳаж” ва “Умра” тадбирларини ташкил этиш ва ўтказишни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 364-сонли қарори билан тасдиқланган Низом ҳамда 2017 йил 28 декабрдаги 1031-сонли қарорига асосан ташкил этилади.

Бугунга қадар ҳар йили 5 минг юртдошимиз Ҳаж сафарига ва 6 минги умра зиёратларига борган. Мамлакатимиз мустақилликка эришгунча эса, 140 нафарга яқин юртдошимиз муборак Ҳаж сафарига бориш бахтига мушарраф бўлган.

Манба: Тошкент шаҳар ҳокимлиги Матбуот хизмати.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг