Валюта курслари 19/11/2024
$1 – 12825.01
UZS – 0.1%
€1 – 13552.19
UZS – 0.15%
₽1 – 128.62
UZS – 0.19%
Қидириш
Иқтисод 13/05/2023 Ғалла етиштириш ва сотишда бозор тамойилларини жорий этишга қаратилган ислоҳотлар улгуржи нархларнинг тушишига олиб келди
Ғалла етиштириш ва сотишда бозор тамойилларини жорий этишга қаратилган ислоҳотлар улгуржи нархларнинг тушишига олиб келди

МҲТИнинг BUNNI индекси: ғалла етиштириш ва сотишда бозор тамойилларини жорий этишга қаратилган ислоҳотлар улгуржи нархларнинг тушишига олиб келди, кейинги босқич - таъминот занжирида рақобатни кучайтириш.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022-йил 28-майдаги ПҚ-262-сонли Қарорига асосан 2022-йилнинг 1-июнидан ғалла етиштириш ва сотишда бозор тамойилларига ўтилди ва «Ўздонмаҳсулот» АЖ корхоналари томонидан буғдой уни очиқ биржа савдоларига қўйилди ва сотила бошланди.

Мазкур ислоҳотлар самарадорлигини доимий равишда баҳолаб бориш мақсадида МҲТИ томонидан Буғдой уни улгуржи нархлари индекси (BUNNI индекси) ишлаб чиқилди. Буғдой уни улгуржи нархларидаги тебранишлар якуний истеъмол товарлари нархига ва умумий инфляция даражасига таъсир қилади.

Улгуржи нархлар ўзгаришининг чакана бозор нархларига бироз кечикиш билан таъсир қилиши ва истеъмол нархлари тўғрисида маълумот тўплаш маълум вақт талаб этиши инобатга олинса, BUNNI индекси инфляцияни жиловлашда етакчи индикатор (leading indicator ) ва эрта огоҳлантириш тизими (early warning system ) сифатида хизмат қилади.

Маҳаллий буғдой уни учун BUNNI индекси 2022-йилнинг август ойида ўртача 107,4 ни ташкил этди (01.06.2022 = 100). Август ойи охирига келиб, ғалла нархини эркинлаштиришга қаратилган ислоҳотларнинг самара бера бошлаши, 2022-йил ҳосилининг бозорга катта ҳажмда кириб келиши ҳамда буғдой импорти бўйича имкониятларнинг кенгайиши буғдой уни учун биржа нархларининг пасайишида ўз аксини топди. Натижада, BUNNI индекси 2022-йилнинг сентябрь ойида 106,62 гача, декабрь ойида 105,07 гача камайди.

2023-йилнинг март-апрель ойларида маҳаллий буғдой уни нархининг пасайиши тезлашди ва бу даврда BUNNI индекси мос равишда ўртача 102,13 ва 99,24 ни ташкил этди. Умуман олганда, 2022-йилнинг август ойидан 2023-йилнинг апрель ойигача бўлган оралиқда маҳаллий ун нархи 7,6 фоизга арзонлашди.

2022-йилнинг февраль ойида дунёнинг энг йирик буғдой етиштирувчи мамлакатлари бўлган Россия ва Украина ўртасида можаросининг бошланиши оқибатида жаҳон бозорида буғдой ва ун нархи сезиларли даражада ошди. 2022-йилнинг февраль ойида импорт буғдой уни учун ҳисобланган BUNNI индекси ўртача 88,6 ни ташкил этган бўлса, июль ойида 107,75 гача (+21.6%) кўтарилди.

2022-йилнинг август ойидан бошлаб, жаҳон бозорида буғдой нархининг мувозанатга келиши ва Қозоғистон томонидан буғдой ва ун экспортига қўйилган квоталар муддатининг тугаши натижасида импорт ун нархида ҳам сезиларли пасайиш кузатилди. 2022-йилнинг декабрь ойига келиб, импорт буғдой уни учун BUNNI индекси 98,3 гача тушган бўлса, 2023-йилнинг апрель ойида 91,22 ни ташкил этди. Бу эса импорт буғдой уни ўртача нархи 2023-йилнинг апрель ойида 2022-йилнинг июль ойидагига нисбатан 15,3 фоиз арзонлашганидан далолат беради.

Маълумот учун: 2022-йил Россия-Украина можароси ортидан буғдой нархи кўтарилиши сабабли буғдой ва ун импорти бўйича асосий савдо ҳамкоримиз Қозоғистон 2022-йилнинг 15-апрелидан 15-июнигача буғдой (1 млн. тонна) ва ун (300 минг тонна) экспорти учун квота белгилаган эди.

Мамлакатимиз ун бозорида буғдой уни чакана нархлари улгуржи нархларнинг ўзгаришигафақат бир томонлама таъсир кўрсатмоқда, яъни, буғдой уни чакана нархлари улгуржи нархлар кўтарилганда кўтарилаяпти, лекин улгуржи нархлар пасайиши чакана нархларда намоён бўлмаяпти. Масалан, 2022-йилнинг июль ойидан 2023-йилнинг март ойигача бўлган даврда биржада олий навли импорт уннинг ўртача нархи 11,4 фоизга, маҳаллий олий навли уннинг ўртача нархи 13,7 фоиз тушганига қарамасдан, деҳқон бозорлари ва дўконларда олий навли уннинг ўртача нархи 28,3 фоиз ошган.

Ушбу рақамлар буғдой унининг биржадан ташқари таъминот занжирида рақобатни кучайтириш имконияти борлигини кўрсатади. Хусусан, улгуржи харидорлар ўртасида рақобат даражасининг пастлиги, фойда маржасининг юқорилиги, чакана савдо билан шуғулланувчиларнинг инфляцион кутилмалари юқорилиги, транспорт харажатларининг қимматлиги чакана нархларнинг ошиб боришига сабаб бўлиши мумкинлигидан далолат беради.

 

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг