Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — «Манчестер Сити» бош мураббийи Хосеп Гвардиола Англия Премьер-лигасининг 24-туридан ўрин олган «Арсенал»га қарши баҳс олдидан марказий ҳимоячи Абдуқодир Хусановнинг руҳий ҳолати ҳақида гапирди.
Эслатиб ўтамиз, Хусанов аввалги турда «Челси»га қарши ўйинни асосий таркибда бошлаган, бир голга сабабчи бўлган ва сариқ карточка олган эди. Шундай бўлса-да, «шаҳарликлар» ушбу ўйинда 3:1 ҳисобида ғалаба қозонди, узбекистонлик ҳимоячи эса 52-дақиқада майдонни тарк этди.
Гвардиоланинг таъкидлашича, Хусанов машғулотларда яхши иштирок этмоқда ва ўз ишига тўлиқ эътибор қаратган. «У учун бу ердаги барча нарса янги», — деди мураббий.
Шунингдек, Гвардиола футболчини олдинги ўйиндаги хатолари учун айбламаслигини таъкидлади. «Ҳар қандай марказий ҳимоячи хатоларга йўл қўяди. Юқори даражада ўйнаш керак, лекин бу вақт талаб этади. Агар айблаш керак бўлса, ўзимни айблашим керак, чунки хатоларга йўл қўяётган менман», — деди у.
Мураббий Хусановни «Челси»га қарши ўйиндаги муваффақиятсиз вазиятлар учун танқид қилмаганини қўшимча қилди.
«У ўйиндан олдин атиги битта машғулотда иштирок этди ва янги жамоада, бошқа тилда гаплашиладиган мамлакатда ҳаракат қилди. Бундай вазиятда мен ҳам АПЛдаги дебютимда ёрдамга муҳтож бўлардим. Шу нарса содир бўлди: жамоадошлари зудлик билан уни қўллаб-қувватлашди», — деди Гвардиола.
«Манчестер Сити» сардори Кевин де Брюйне ҳам Хусанов ҳақида фикр билдирди. «Бизда ҳимоячилар қолмаган эди, шунинг учун Абдуқодир "Челси"га қарши асосий таркибда майдонга тушди. У учун илк беш дақиқа қийин кечди, аммо кейин ўзини тиклаб олди. У 20 ёшида бу мураккаб вазиятдан чиқиб кетгани билан фахрланиши керак», — деди ярим ҳимоячи.
«Манчестер Сити» ва «Арсенал» ўртасидаги учрашув 2 февраль куни Тошкент вақти билан 21:30 да старт олади.