Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон делегацияси Берлинда (Германия) ўтказилаётган “Green Week 2025” халқаро кўргазмасида иштирок этмоқда.
Кўргазма доирасида Қишлоқ хўжалиги вазири ўринбосари Акмал Қосимов БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги Ташкилоти (ФАО) Европа ва Марказий Осиё бўлими раҳбари Реймунд Елле билан учрашди.
Самимий мулоқотда ФАО билан ҳамкорликда амалга оширилаётган лойиҳалар, ҳамкорлик истиқболларини янада мустаҳкамлаш масалалари, жумладан, қишлоқ хўжалиги ерларининг деградациясига қарши курашиш, экологик бошқарувни яхшилаш учун грантлар ажратиш ва ҳамкорликда янги лойиҳаларни амалга ошириш, хусусан қишлоқ хўжалиги навлари ген банкини яратишда амалий ишларни бошлаш масалалари муҳокама қилинди.
Реймунд Елле 2024 йилда мамлакатимизда ўтказилган халқаро форумнинг муваффақиятли ўтганини эслатиб ўтиб, Ўзбекистонда шу каби тадбирларни ташкил этиш таклифини берди.
Ўз навбатида, ФАО билан ҳамкорликда қишлоқ хўжалиги секторидаги янгиликларни жорий этиш, миллий ва минтақавий лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш, технологияларни ривожлантириш ва етакчи хорижий экспертлар тажрибасидан фойдаланиш юзасидан келишувга эришилди.
Учрашув якунида икки томонлама ҳамкорликни ривожлантириш, истиқболли лойиҳалар ва амалга ошириладиган янги ташаббусларни қўллаб-қувватлашга қаратилган стратегиялар белгилаб олинди.