Валюта курслари 26/11/2024
$1 – 12814.78
UZS – -0.11%
€1 – 13442.70
UZS – 0.73%
₽1 – 123.50
UZS – -1.13%
Қидириш
Иқтисод 14/11/2017 “Глобал тадбиркорлик ҳафталиги” бошланди
“Глобал тадбиркорлик ҳафталиги” бошланди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- Жорий йилнинг 13-18 ноябрь кунлари Тошкент, Фарғона ва Самарқанд шаҳарларида Глобал тадбиркорлик ҳафталиги бўлиб ўтмоқда.

Ўзбекистон ёшлар иттифоқида мазкур ҳафталикнинг очилиш маросими бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси Президенти Давлат маслаҳатчиси, Ёшлар иттифоқи марказий кенгаши раиси Қ.Қуронбоев, Савдо-саноат палатаси раиси ўринбосари Б.Асадов ва бошқалар мамлакатимизда ишбилармонлик муҳитини яхшилаш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш, ёшларни тадбиркорликка жалб этиш ва улар ташаббусларини қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлади.

Глобал тадбиркорлик ҳафталиги Ўзбекистон ёшлар иттифоқи, Савдо-саноат палатаси, Халқаро бизнес ва технологиялар уюшмаси, тегишли ташкилотлар, тадбиркорлик субъектлари билан ҳамкорликда ташкил этилди.

– Мақсадимиз тажрибали тадбиркорлар билан ёшлар ўртасида ўзаро ҳамкорлик муносабатларини шакллантириш, ёш тадбиркорларни креатив ғоялар ташаббускорлигига чорлаш, мамлакатимизда тадбиркорлик экотизимини ривожлантириш, бу борада илғор хорижий тажриба, ёндашувлар билан ёшларни таништиришдир, – дейди Халқаро бизнес ва технологиялар уюшмаси ижрочи директори Шуҳрат Азимов. – Ҳафталик доирасида маҳаллий ва чет эллик экспертлар, тажрибали ишбилармонлар томонидан маҳорат дарслари ташкил этилади. Мавзуга доир тақдимот ва семинарларда замонавий тадбиркорлик амалиёти юзасидан тавсиялар ишлаб чиқилади.

Глобал тадбиркорлик ҳафталиги – бу истиқболли лойиҳаларни амалиётда қўллаётган, тадбиркорлик экотизимини ривожлантиришга туртки берадиган лойиҳаларни ишлаб чиқаётган новаторлар ва иш берувчиларга мўлжалланган халқаро тадбир ҳисобланади. Бундай тадбирлар дунёнинг 160 дан зиёд мамлакатида ҳар йили анъанавий ўтказиб келинади ва бизнесни ривожлантириш учун таклифлар ишлаб чиқишда ўзига хос платформа вазифасини ўтайди.

Ўзбекистонда ўтказилаётган мазкур тадбиркорлик ҳафталигининг ишчи дастури тадбиркорлик учун инфратузилма, истиқболли ҳаракатларнинг ривожланиши, бизнес самарадорлиги ва тараққиёти, инновациялардан фойдаланиш, хотин-қизлар тадбиркорлиги ва инвестицияларни жалб этиш каби йўналишларни қамраб олади. Ҳафталик доирасида Россия, Грузия, Сингапур, Исроил, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон каби мамлакатлардан келган ишбилармон доира вакиллари ўз бизнес тажрибаси ҳақида сўзлаб беради.

– Ўзбекистонда тадбиркорлик муҳити яхши ривожланмоқда. Айниқса, ёшларни бу соҳага жалб этиш ва уларга зарур имкониятлар яратиб берилгани эътиборли, – дейди “TC Holdings” компанияси раҳбари Тал Катран (Исроил). – Ҳафталик тадбирлари доирасида ўзбекистонлик ёшларга истиқболли режалар тузиш, муваффақиятли бизнес-лойиҳаларни амалга ошириш бўйича тажрибамиз ҳақида гапириб берамиз, улар билан фикр алмашиб, таклиф-мулоҳазаларини ўрганамиз.

Глобал ҳафталик доирасида маҳаллий ва чет эллик ишбилармон доира вакилларининг Самарқанд ва Фарғона шаҳарларига ташрифи режалаштирилган. Мутахассислар ушбу йирик тадбир замонавий ва халқаро амалиётлар уйғунлигида мамлакатимизда бизнесни ривожлантириш борасида янги таклифларни ишлаб чиқиш, ишбилармонликни тараққий эттиришга хизмат қиладиган чора-тадбирларни режалаштиришга катта имконият яратади, дея баҳоламоқда. ЎзА.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг