Валюта курслари 26/11/2024
$1 – 12814.78
UZS – -0.11%
€1 – 13442.70
UZS – 0.73%
₽1 – 123.50
UZS – -1.13%
Қидириш
Иқтисод 26/08/2022 Глобал геоиқтисодий ҳодисалар Ўзбекистон иқтисодиётига қандай таъсир қилаяпти?
Глобал геоиқтисодий ҳодисалар Ўзбекистон иқтисодиётига қандай таъсир қилаяпти?

Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти (ПМТИ) экспертлари глобал геоиқтисодий ҳодисаларнинг Ўзбекистон иқтисодиётига инфляция ва фоиз ставкаси каналлари орқали таъсирини таҳлил қилди.

Глобал миқёсда озиқ-овқат ва энергия нархларининг кескин даражада кўтарилиши натижасида ривожланган давлатларда ҳам (июнь ойида АҚШда 9,1%, Буюк Британияда 8,2%, Канадада 8,1%), ривожланаётган мамлакатларда ҳам (Туркияда 78,6%, Аргентинада 63,9%, Эстонияда 21,8%) юқори инфляция кўрсаткичлари кузатилмоқда.

Натижада, сўнгги 40 йилдаги энг юқори инфляцияга дуч келган ривожланган давлатлар марказий банклари асосий фоиз ставкаларини бир неча марта кўтаришга мажбур бўлди. АҚШда Очиқ бозорлар бўйича федерал қўмита (FOMC) федерал ставкани йил бошидаги 0-0,25% оралиғидан 2,25-2,5%гача (2,25% бандга, қаторасига 4 марта) оширишга қарор қилди. Англия банки Пул-кредит сиёсати қўмитаси томонидан асосий ставка 0,25% дан 1,75% гача (қаторасига 5 марта) кўтарилди. 

Асосий ставкаларнинг оширилиши ортидан молия ва капитал бозорларида фоиз ставкалари ҳам сезиларли даражада ошиб борди. Натижада, ушбу тенденция ривожланаётган мамлакатлардан капитал оқиб чиқиб кетишига, валюталарининг қадрсизланишига, қарз юкининг ортишига олиб келди. Халқаро молия институти (IIF) ва Reuters халқаро агентлиги маълумотларига кўра, 2022 йилнинг июнь ойида ривожланаётган давлатлардан 4 миллиард доллар, май ойида 5,1 миллиард доллар, апрель ойида 4 миллиард доллар ва март ойида 9,8 миллиард доллар миқдорида капитал чиқиб кетган. 

Шундай бўлсада, марказий банклар асосий фоиз ставкаларини оширишда давом этиши боис ушбу мамлакатларда рецессия хавфи ортиб бормоқда. Натижада, молия ва капитал бозорларида инвесторларнинг рецессия бўйича кутилмаларининг ошиши акция ва облигациялар даромадлилигининг пасайишига олиб келмоқда. 

Масалан, жорий йилнинг 15-июнь ва 27-июль кунлари АҚШда федерал ставканинг кетма-кет икки марта 0,75% бандга кўтарилиши ортидан 2022 йил 15-августга келиб АҚШда 5 йиллик Ғазначилик облигациялари бўйича фоиз ставкаси 15-июндаги 3,38% дан 2,91% га, 10 йиллик облигациялар ставкаси 3,33% дан 2,79% га, 20 йиллик облигациялар ставкаси эса 3,64% дан 3,31% га тушди.

Ҳозирги шароитда ривожланган мамлакатларда фоиз ставкаларининг оширилиши Ўзбекистон иқтисодиётига асосан бозор шартларида олинган ташқи қарз (масалан, суверен евробондлар ва тижорат банклари евробондлари) каналлари орқали таъсир кўрсатиши мумкин. Сўнгги 3 йилда давлат улуши мавжуд банкларнинг халқаро тижорат банклари, ривожланиш банклари ва халқаро молия ташкилотларидан олинган қарзлари миқдори кўпайди. Бу эса банк сектори ташқи қарзини 2018 йилдаги ЯИМнинг салкам 2% миқдоридан 2021 йилда ЯИМнинг қарийб 10,5% гача оширди (Халқаро валюта жамғармаси, 2022 йил июнь).

Ҳозирги геоиқтисодий ҳодисалар шуни кўрсатмоқдаки, Ўзбекистон глобал инқирозлар даврида ташқи омилларнинг иқтисодиётимизга таъсирини камайтириш ва иқтисодий ўсишни молиялаштиришда "яширин" ички имкониятлардан фойдаланиш бўйича ислоҳотларни давом эттириши лозим. Кенг кўламли ислоҳотлар доирасида қуйидаги чора-тадбирларни амалга ошириш мақсадга мувофиқ ҳисобланади:

- капитал бозорини ривожлантиришнинг узоқ муддатли стратегиясини ишлаб чиқиш ва бунда институционал инвесторлар, яъни пенсия фондлари, суғурта компаниялари ва ўзаро фондлар фаолиятини такомиллаштириш ва иқтисодиётдаги узоқ муддатли жамғармаларни жалб қилиш орқали маҳаллий капитал бозорида талабни юзага келтиришни назарда тутиш; маҳаллий капитал бозорлари компанияларга миллий валютада ички қарз олиш имкониятларини ошириб, валюта номувофиқлиги ва тизимли рискларни камайтиришга имкон беради. 

- молия секторини ислоҳ қилиш (жумладан, банкларни хусусийлаштириш) жараёнини жадаллаштириш орқали хусусий сектор жамғармалари ҳажмини ошириш, хусусан, аҳолидан жалб қилинган депозитларнинг банк тизими мажбуриятларидаги улушини 2025 йилга қадар 50% га етказиш (2022 йил 1 июль ҳолатига 11,7%).

 

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг