Валюта курслари 02/10/2024
$1 – 12739.99
UZS – 0.19%
€1 – 14256.05
UZS – 0.46%
₽1 – 136.83
UZS – -0.12%
Қидириш
Ўзбекистон 20/02/2019 Германия тажрибаси асосида тиббиёт ходимларининг малакаси оширилади
Германия тажрибаси асосида тиббиёт ходимларининг малакаси оширилади

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- Айни пайтда Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги делегацияси Германия халқаро ҳамкорлик жамияти (GIZ) томонидан “Ўзбекистонда замонавий юқори технологияли тиббий асбоб-ускуналар билан ишлаш учун тиббий ва техник ходимларнинг малакасини ошириш” лойиҳасида иштирок этмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг жорий йилнинг январ ойида Германия Федератив Республикасига расмий ташрифи мамлакатимиз ташқи сиёсатида муҳим воқеалардан бири бўлди. Ташриф чоғида турли соҳаларда келишувларга эришилди. Ўзбекистон ва Германия 8 миллиард евродан ортиқ бўлган қўшма лойиҳаларни амалга оширишга келишиб олингани диққатга сазовор. Икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорликнинг мустаҳкамланиб бораётгани соғлиқни сақлаш соҳасидаги алоқаларнинг изчил ривожланишига ҳам замин яратмоқда.

Маълумки, сифатли тиббий хизматларга бўлган талабнинг ортиб бораётганини ҳисобга олган ҳолда юртимизда тиббиётнинг замонавий, илғор технологияларини жорий этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Аммо юқори технологияли тиббий ускуналар мавжудлигига қарамасдан, соҳада малакали мутахассисларнинг етишмаслиги кўрсатилаётган хизматлар сифатига салбий таъсир кўрсатиши мумкин. Шу боис, тиббиёт учун замонавий технологияларни харид қилиш билан биргаликда, уларни самарали қўллай оладиган мутахассисларни ҳам ўз вақтида тайёрлаш муҳим ҳисобланади.

Қайд этиш жоизки, Германиялик халқаро ҳамкорлик жамияти ва Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг қўшма лойиҳаси замонавий тиббий технологиялардан фойдаланиш бўйича мамлакатимиз тиббиёт ходимларининг салоҳиятини оширишга қаратилгани билан аҳамиятлидир. Ўтган даврда лойиҳа доирасида Ўзбекистон соғлиқни сақлаш тизимида ишлаётган 2500 дан ортиқ тиббиёт ва техник мутахассислар тайёрланди.

19 феврал куни Гамбург шаҳрида лойиҳа ишчи гуруҳи йиғилиши бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон делегацияси томонидан “2019 — 2025 йилларда Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш концепцияси” мавзусида тақдимот ўтказди. Сўзга чиққанлар Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш тизимини тубдан такомиллаштириш бўйича комплекс чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони билан “2019 — 2025 йилларда Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш концепцияси” тасдиқлангани ҳамда шу асосда мамлакат соғлиқни сақлаш тизимини бошқариш ва молиялаштиришнинг бутунлай янги тизимига ўтказилаётганини таъкидлашди.

Шунингдек, тақдимотда шошилинч тиббий ёрдам хизматини янада такомиллаштириш, Ўзбекистон соғлиқни сақлаш соҳасига юқори технологияларни сотиб олиш бўйича шартномаларни тайёрлаш юзасидан кўрилган чора-тадбирлар ҳақида сўз юритилди. Бундан ташқари, мутахассисларимиз Германия тиббиёт моделини ўрганиш орқали Ўзбекистонда соҳани юқори технологиялар асосида ривожлантиришда икки мамлакат мутахассислари ҳамкорлигини янада жадаллаштириш лозимлигини таъкидладилар.

27 февралга қадар давом этадиган ташриф давомида делегациямиз аъзолари Германия соғлиқни сақлаш тизимида молиялаштириш масалалари ва бошқариш усуллари, замонавий тиббий технологияларни бошқариш тамойиллари билан яқиндан танишадилар. Бундан ташқари, мамлакатнинг етакчи тиббиёт муассасаларини, тиббий таълим ва хизмат кўрсатиш соҳасидаги тиббий ускуналар ишлаб чиқарувчилари билан учрашувлар ўтказиш режалаштирилган.

Манба: Соғлиқни сақлаш вазирлиги Ахборот хизмати.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг