Валюта курслари 27/11/2024
$1 – 12820.47
UZS – 0.04%
€1 – 13470.47
UZS – 0.21%
₽1 – 122.26
UZS – -1.0%
Қидириш
Иқтисод 26/02/2019 Германия мамлакатимиз иқтисодий ривожида кўмак беришга тайёр
Германия мамлакатимиз иқтисодий ривожида кўмак беришга тайёр

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигида Германиянинг машхур сиёсий ва иқтисодий консультанти, “Мангольд Консалтинг Гмбх” компанияси Президенти Мангольд Клаус билан учрашув бўлиб ўтди. Учрашувда Ўзбекистон билан Германия ўртасидаги икки томонлама инвестиция ва савдо-иқтисодий ҳамкорлик соҳасида эришилган ютуқлар ва кўрсаткичлар муҳокама қилинди.

Ўзбекистон томони икки мамлакат ўртасидаги муносабатларни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлади, буни айнан Ўзбекистон Президенти Ш.М.Мирзиёевнинг январь ойидаги Германияга ташрифи мисолида ҳам кўришимиз мумкин.

Ҳозирда тегишли ҳукуматлараро тузилмалар муваффақиятли фаолият юритмоқда: савдо ва инвестициялар, қишлоқ хўжалиги бўйича ишчи гуруҳлари, Ўзбекистон – Германия Ишбилармонлар кенгаши, Ўзбекистон Республикаси Президентининг топшириғига биноан ташкил этилган икки томонлама инвестициялар ва технологиялар қўмитаси шулар жумласидандир.

Мамлакатлараро ҳамкорликнинг истиқболи жуда юқори: ҳозирги вақтда “Берлин экономикс”, “Роланд Бергер”, “Дойче Бан”, “Обермайер”, “Паппенбург”, “Виртген”, “Люфтганза”, “Диэйчэл”, “Сименс” ва “Гресс” каби Германия компаниялари билан бир қатор шартномалар тузилган ёки ишлаб чиқилмоқда.

Шунингдек, биргаликдаги лойиҳаларни, хусусан, мамлакатда қўшма факультеларни (Университетлар миқёсида) очиш, икки босқичли ўқув дастурларини ташкил этишни амалга ошириш бўйича ҳам келишувга эришилган.

Жаноб Манголд, ўз навбатида, икки давлат ҳукуматлари ўртасидаги муносабатларни тиклаш йўли орқали Германия иқтисодиёти Ўзбекистонга иқтисодий ва ижтимоий ислоҳотлар йўлида ёрдам беришини таъкидлади. Бундан ташқари, ҳукуматлараро ҳамкорлик нуқтаи назаридан ўзаро алоқаларни янада яхшилашнинг икки босқичи белгилаб берилди: биринчиси, жорий йилнинг май ойида ГФР Президентининг Ўзбекистонга ташрифи; иккинчиси эса октябрь ойида Тошкентда немис корхоналари иштирокида бизнес-форум ўтказилиши муносабати билан Германия иқтисодиёти Шарқий қўмитаси делегациясининг мамлакатимизга ташрифи.

Суҳбат чоғида томонлар икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорликнинг уч асосий йўналишини белгилаб олди:

1) инвестициявий ҳамкорлик – Қўшма инвестиция Кенгаши ташкил этилади, унинг асосий йўналиши аниқланган лойиҳаларни ўз вақтида амалга оширишга қаратилади;

2) илғор технологиялар ва бошқарувни амалга оширишни қўллаб-қувватлаш – Германия томони энергетика ва инфратузилма соҳасини рақамлаштиришга оид маслаҳатлар беришга тайёр;

3) таълим соҳасидаги ҳамкорлик – немис корхоналарида ўзбек менеджерлари учун стипендия дастури яратилган: дастлабки 30 нафар стипендия соҳиблари бу йилнинг ўзида Германияга таълим олиш учун жўнатилади.

Бундан ташқари, келгуси ҳафтада Германия томони қўшма таълим дастурлари ва илмий-техник тадқиқотлар ҳамда ишланмаларни молиялаштиришни ташкил этиш масаласи юзасидан Ўзбекистон олий ўқув юртлари билан учрашувлар режалаштирилган.

Манба: Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги телеграм канали.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг