Валюта курслари 15/11/2024
$1 – 12800.13
UZS – -0.06%
€1 – 13467.02
UZS – -1.07%
₽1 – 129.02
UZS – -0.87%
Қидириш
Ўзбекистон 16/01/2024 Геология соҳасидаги натижалар ва режалар бўйича ахборот берилди
Геология соҳасидаги натижалар ва режалар бўйича ахборот берилди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- Президент Шавкат Мирзиёев 15 январь куни геология соҳасида қилинган ишлар ва келгуси режаларга оид тақдимот билан танишди.

Мамлакатимизнинг ўсиб бораётган иқтисодиётини ресурслар билан таъминлашда геология стратегик аҳамиятга эга. Сўнгги йилларда бу соҳага йилига 1 триллион сўмдан маблағ ажратилиб, зарур шароитлар яратилмоқда. Бунинг натижасида 31 минг квадрат километр янги ҳудудлар ўрганилди.

Хусусий сектор учун яратилган имкониятлар эвазига норуда конларга инвесторлар жалб қилинди. Бугунги кунда соҳада 1 миллиард 700 миллион долларлик инвестиция лойиҳалари амалга оширилмоқда.

Лекин соҳада ҳали фойдаланилмаган имкониятлар кўп. Конлар ва уларни ўзлаштириш кўламини кенгайтириш мумкин.

Тақдимотда шу борадаги истиқболли лойиҳалар, хусусан, жорий йилга мўлжалланган режалар тўғрисида ахборот берилди.

Давлатимиз раҳбари уни тинглаб, яқин ва узоқ истиқболда амалга оширилиши лозим бўлган вазифаларни белгилаб берди. Бу соҳада узоқни кўзлаш ва замондан илгари юриш муҳимлиги таъкидланди.

Шу боис маррани катта олиб, геология-қидирув ишларини кенгайтириш, аниқланган захираларни самарали ўзлаштириш чора-тадбирлари муҳокама қилинди.

Соҳага хорижий технологиялар ва инвестициялар жалб қилишни давом эттириш, бу орқали геологик қидирувлар ва қазиб олиш натижадорлигини ошириш вазифалари қўйилди.

Аҳоли, ижтимоий соҳа ва саноат тармоқлари эҳтиёжидан келиб чиқиб, кўмир қазиб чиқариш ҳажмини 22 фоизга ошириш зарурлиги кўрсатиб ўтилди. Илғор хорижий тажриба асосида, бойитиш чиқиндиларини қайта ишлаш масаласига ҳам эътибор қаратилди.

 

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг