Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- Президент Шавкат Мирзиёев 27 октябрь куни геология ишларини кенгайтириш, фойдали қазилмаларнинг истиқболли конларини аниқлаш ва ўзлаштириш режаларига бағишланган тақдимот билан танишди.
Мамлакатимизда саноатни ривожлантириш бўйича қўйилган катта марраларга эришишда иқтисодиётни минерал ресурслар билан таъминлаш муҳим аҳамиятга эга. Кейинги йилларда юртимизда геология соҳасини трансформация қилиш доирасида унинг моддий-техник базаси мустаҳкамланди, илмий изланишлар ва кадрлар тайёрлаш кучайтирилди.
Тақдимотда соҳада қилинган ишлар, фойдали қазилмаларни аниқлаш ва ўзлаштиришга хорижий ҳамкор ва инвесторларни жалб қилиш режалари кўриб чиқилди.
Таъкидланганидек, кейинги йилларда геология-қидирув ишлари олдинги даврга нисбатан 3 баробар ошди. 3D сейсморазведка, аэрогеофизика, космогеология, рақамли геология каби илғор усулларни жорий этиш бошланди. Геология фанлари университети ташкил этилиб, ҳозирги кунда 1,5 минг нафар ёшлар замонавий билим ва кўникмаларни эгалламоқда.
Шунингдек, геология ишлари соҳасидаги лойиҳаларга хусусий инвестицияларни кенг жалб қилиш учун қонунчилик базаси такомиллаштирилди ва бошқа зарур шароитлар яратилди.
Бунинг ҳисобига конларни излаш ва ўзлаштириш билан шуғулланаётган тадбиркорлар сони 4 баробарга ошди. Жорий йилнинг ўзида геология ишларига 180 миллион доллар хорижий инвестициялар киритилди, амалга оширилаётган лойиҳаларнинг умумий қиймати эса 2 миллиард доллардан ошди.
Давлатимиз раҳбари ҳисоботни тинглаб, келгуси йилда геология-қидирув соҳасида амалга оширилиши лозим бўлган вазифаларни белгилаб берди.