Валюта курслари 20/09/2024
$1 – 12724.84
UZS – -0.12%
€1 – 14223.83
UZS – 0.23%
₽1 – 137.11
UZS – -1.46%
Қидириш
Иқтисод 12/12/2023 Географик кўрсаткичлар бўйича ФАО лойиҳасининг натижалари умумлаштирилди
Географик кўрсаткичлар бўйича ФАО лойиҳасининг натижалари умумлаштирилди

2023 йил 12 декабрь куни Тошкентда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) томонидан Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ва Қишлоқ хўжалиги вазирлиги билан ҳамкорликда амалга оширилган «Географик кўрсаткичлар орқали барқарор озиқ-овқат тизимларини мустаҳкамлаш» лойиҳасининг якуний семинари бўлиб ўтди. Семинарда миллий ва халқаро экспертлар иштирок этиб, лойиҳа натижаларини сарҳисоб қилдилар ва келгусида мамлакатда географик кўрсаткичлардан фойдаланиш амалиётини янада кенгроқ жорий этиш масалаларини муҳокама қилдилар.

Географик кўрсаткичларга эга маҳсулотлар шунчаки маҳсулотлар эмас: улар маълум бир минтақанинг тарихи, анъаналари, ўзига хослигини ўз ичига олган, унинг ноёб қишлоқ хўжалиги, маданий, пазандалик ва гастрономик меросини ташкил этади. Мисол учун, ҳақиқий “Рокфор” пишлоғи географик кўрсаткичларга кўра, фақат қўй сутидан тайёрланади ва фақат Франциянинг тарихий Руэрг вилояти ҳудудидаги ғорларда етилиши мумкин. Бу – маҳсулот маълум бир ҳудуднинг ўзига хос «ташриф қоғози» бўлиб хизмат қиладиган ҳолат.

Шунингдек, Ўзбекистонда ҳам барқарор ва узоқ йиллик обрўга эга, келиб чиқиш жойи, анъанавий билимлари, махсус технологиялари билан чамбарчас боғлиқ бўлган ва шунинг учун ноёб меросни ташкил этадиган кўплаб анъанавий маҳсулотлар мавжуд. Ҳар бир минтақа ўзининг ўнлаб «мазали» фахри, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, қўл меҳнати ва маҳаллий гастрономик таомларига эга. Биргина Фарғона водийсида машҳур Риштон сопол буюмлари, Қува анорлари, Тўрақўрғон гилоси, Чуст пичоқлари ва бошқалар бор. Самарқанд нонлари, Хоразм қовунлари, Паркент узумлари Ўзбекистон чегараларидан ташқарида ҳам маълум ва машҳур.

«Жаҳон амалиёти шуни кўрсатадики, географик кўрсаткичлардан фойдаланиш ҳудудларнинг экспорт салоҳиятини ошириш ва ҳудудий брендлашнинг самарали воситаси бўлиб хизмат қилиши мумкин. Чунки, маҳсулотнинг танилишини таъминлаш бозорда талабнинг ўсишига олиб келади ва у ишлаб чиқарилган ҳудуднинг обрўсига ижобий таъсир кўрсатади. ФАОнинг “Географик кўрсаткичлар орқали барқарор озиқ-овқат тизимларини мустаҳкамлаш” лойиҳасининг мақсади ҳам географик кўрсаткичларни кенг жорий этиш орқали Ўзбекистоннинг қишлоқ жойларини ривожлантиришга ҳисса қўшиш ҳисобланган эди. Бу ишлаб чиқарувчиларга маркетинг стратегиясини аниқлаш, бозор иштирокчиларининг, шу жумладан, расмий ҳокимият органлари ва маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг бошқа гуруҳларининг хабардорлиги ва ўзаро қизиқишини оширишга имкон беради», - деди ФАОнинг Ўзбекистондаги вакили ўринбосари Шерзод Умаров.

ФАО экспертлари иштирокида ишлаб чиқилган «Географик кўрсаткичлар тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ, Ўзбекистонда географик кўрсаткичларга эга бўлган товарлар интеллектуал мулк объекти сифатида ҳуқуқий ҳимояга эга бўлиши мумкин. Қонун қабул қилинганидан бир йил ўтгач мамлакатда бир нечта маҳсулот, яъни, Марғилон адраси, Марғилон атласи, Қўқон пичоқлари, Зомин тандир-гўшти ва Ғиждувон кабоби, шунингдек Қува анори, Риштон керамикаси, Мирзачўл қовуни ва Ўрта Зарафшон Воҳаси Янтоқ Асали интеллектуал мулк объекти сифатида рўйхатга олинган. 

Якуний семинарда ФАОнинг Ўзбекистондаги вакили ўринбосари Шерзод Умаров, ФАОнинг халқаро экспертлари Дмитрий Звягинцев, Сертач Докузлу ва Натали Вулчер, ФАОнинг географик кўрсаткичлар бўйича мутахассиси Сергей Данилов, Ўзбекистон Адлия вазирлиги Интеллектуал мулк бошқармаси бошлиғи Есемурат Канязов, Интеллектуал мулк маркази бўлим бошлиғи Абдужалил Ўринбаев ва бошқалар сўзга чиқдилар. Маҳаллий ва хорижлик экспертлар Ўзбекистон географик кўрсаткичларининг келажаги ҳақида гапирар экан, бу борада ҳали кўп ишлар қилиниши лозимлигини таъкидладилар. Аввало, географик кўрсаткичлар бўйича талабномалар бериш ва рўйхатдан ўтказиш тартиби масалалари, шунингдек, ишлаб чиқарувчилар ва истеъмолчиларни улар келгусида кафолатланган қўшимча рағбат ва устуворликларга эга бўлиши учун географик кўрсаткичлардан фойдаланишнинг афзалликлари ҳақида кенг хабардор қилиш шулар жумласидандир.

 

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг