Валюта курслари 06/11/2024
$1 – 12774.98
UZS – -0.12%
€1 – 13914.51
UZS – -0.15%
₽1 – 130.14
UZS – 0.08%
Қидириш
Иқтисод 05/11/2024 «Ғузор – Бухоро – Нукус – Бейнеу» автомобиль йўлида цемент-бетон қопламали янги йўл барпо этилди

«Ғузор – Бухоро – Нукус – Бейнеу» автомобиль йўлида цемент-бетон қопламали янги йўл барпо этилди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Бу ҳақда АОКАда ўтказилган брифингда Автомобил йўллари қўмитаси ахборот хизмати раҳбари Нилуфар Жумаева маълум қилди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 5 мартдаги “Осиё тараққиёт банки иштирокидаги А380 “Ғузор–Бухоро–Нукус–Бейнеу” автомобиль йўлининг 964—1204 (240) километр қисмини реконструкция қилиш лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан Осиё тараққиёт банки иштирокида Қорақалпоғистон Республикаси Қўнғирот тумани ҳудудида халқаро аҳамиятдаги А380 “Ғузор – Бухоро – Нукус – Бейнеу”автомобиль йўлида 240 километрли цемент-бетон қопламали янги йўл барпо этилди.

Бу йўл мамлакатимизни Европа давлатлари билан боғлайдиган стратегик автомагистралдир. 

Туркиянинг “Пўлат йўл япи сан ве Тик СА” ва Озарбайжоннинг “Норд Вест Констракшин” қўшма корхонаси ҳамда Хитой Халқ Республикасининг “CRBC ва СССС Third Highway Engineering Co. Ltd” қўшма корхонаси халқаро аҳамиятдаги йўл иншоотининг цемент-бетон қопламасини қуриш ишларига бош пудратчилари этиб тайинланган.

Лойиҳанинг умумий қиймати 383,4 миллион АҚШ долларига тенг бўлиб, қурилиш ишлари 2020—2024 йилларда амалга оширилди.

Лойиҳанинг умумий қиймати 383,4 миллион АҚШ долларини ташкил қилади. Шундан Осиё Тараққиёт банкининг маблағи – 274,9 миллион АҚШ долларини, Ўзбекистон Республикасининг улуши эса 108,5 миллион АҚШ долларини ташкил этади.

Мазкур автомобиль йўлининг (964–1084 км) 120 км қисмини қуриш масъулиятини Туркиянинг “Пўлат йўл япи сан ве Тик СА” ва Озарбайжоннинг “Норд Вест Констракшин” қўшма корхонаси ўз зиммасига олган. Мазкур корхоналар билан 107,6 миллион АҚШ долларига тенг қийматдаги ҳамкорлик шартномаси имзоланган. 

Шунингдек, қолган 120 км (1084 - 1204 км) қисмини яна бир пудратчи Хитойнинг “China Road and Bridge Corporation, China Communications Construction Company Third Highway Engineering Co., LTD ва Sanmenxia City Changtong Road and Bridge Construction CO., LTD” қўшма корхонаси билан 103,8 млн долларлик ҳамкорлик шартномаси имзоланган.

2021 йилда Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудидан ўтган А380 “Ғузор-Бухоро-Нукус-Бейнеу” автомобиль йўлининг 964-1204-км (240 км) қисмида 2 тасмали цемент-бетонқопламали йўл қуриш ишлари бошланган эди.
1 ва 2-пакетда автомобиль йўлига 25 см қалинликда цемент-бетон қопламаси ётқизиш, 16 см қалинликда цемент билан қум-шағал аралашмаси (СТБ) ётқизиш, шағал-қум аралашмасидан 37 см қалинликда йўл асосининг устки қатлами ётқизиш, ер пойи кўтармаси қуриш ишлари, йўл ёқасини мустаҳкамлаш, бўйлама ва кўндаланг чокларни битум мастикаси билан тўлдириш, йўл-ётиқ чизиқларини чизиш, йўл белгиларини ўрнатиш ишлари амалга оширилди.

Бундан ташқари 4905 дона огоҳлантириш устуни ўрнатилди, 8 дона қисқа тўхтаб туриш майдончаси қурилди.

Амалга оширилган лойиҳанинг асосий мақсадларидан бири халқаро ва давлат миқёсидаги автомобиль йўлларини халқаро стандартлар ва андозалар талабларига мос равишда юқори даражадаги сифатли ҳолатга келтириш ҳисобланади.

Шу билан бирга, лойиҳа бўйича йўлнинг ўтказувчанлик қобилияти ошиб, цемент-бетон қопламаси, асфальт-бетон қопламаси билан таққослаганда, бардошли ва хизмат қилиш даври 25 йилгача эканлигини ҳисобга олиб таъмирлаш ва эксплуатация қилиш харажатлари қарийб 2,5 баравар иқтисод қилиниши, халқаро ва транзит юк ташишлар, шу жумладан йўловчи ташишлар ҳажми бир неча баробарга оширилиши, реконструкция қилинган йўл қисмида ҳалокатли йўл-транспорт ҳодисаларининг сони 2 баробарга камайтирилиши, лойиҳа қисмида йўлга сарфланадиган вақтни 2,2 баробарга тежалиши, минтақалар бўйича ялпи ички маҳсулотнинг ўсиши, шу жумладан маҳаллий аҳоли турмуш даражасини янги инфратузилма ва реконструкция қилинадиган йўллар ҳисобига оширилишини таъминлаш, автомобиль йўлининг атроф-муҳитга салбий таъсирини минималлаштиришга эришилади.

Энди мамлакатимиз ҳудудларидан халқаро ташувлар масофаси 1 минг километргача, транспорт харажатлари эса 25 фоизгача камаяди. Бу йўл юртимизни Каспий ва Қора денгиз портлари орқали Европа бозорлари билан ишончли боғлайдиган логистика тармоғига айланади. 

Йўл жаҳон стандартларига ҳар томонлама мос, текис ва равон. У аввало халқимиз, қолаверса, хорижий туристлар ва юк ташувчиларга қулай ва хавфсиз ҳаракатланиш имконини беради.

Янги йўл атрофида 200 дан зиёд савдо-сервис объекти ва саноат корхонаси пайдо бўлади. Шунинг ҳисобидан дастлаб 2 мингта, келгусида эса яна 5 мингта иш ўрни ташкил қилинади. Шу тариқа, Қорақалпоғистонда транзит ва бошқа хизматлар ҳажми йилига 200 миллион долларга, мамлакатимиз экспорти эса камида 300 миллион долларга ошиши учун мустаҳкам замин яратилади.

Ушбу магистрал йўл ўтадиган Тўрткўл, Элликқалъа, Беруний, Нукус, Хўжайли, Шуманай, Қонликўл, Қораўзак ва Қўнғирот туманларидаги 1 миллиондан зиёд аҳоли ҳаёти ўзгаради.

Жаҳон стандартларига мос, сифатли қуриб битказилган мазкур автомобиль йўли кўп йиллар давомида халқимизнинг узоғини яқин, оғирини енгил қилишга хизмат қилади.
 

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг