Хусусан, мактабгача таълим муассасаларида қисқа муддатли гуруҳларни ташкил қилиш, нодавлат мактабгача таълим муассасалар сонини кўпайтириш, уларнинг моддий-техник базасини янгилаш, педагог кадрларнинг малакасини ошириш, қайта тайёрлаш орқали таълим сифат-самарадорлигига эришиш мақсадида тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Шунингдек, вилоятдаги мавжуд 17 та махсус мактабгача таълим муассасаларида имконияти чекланган тарбияланувчиларни соғломлаштириш ишларини ривожлантириш борасида ҳам сезиларли ишлар қилинмоқда.
Урганч тумани Ғойбу қишлоғининг “Туркманлик” маҳалласидаги фойдаланишга топширилган 25-сонли “Ширинтой” мактабгача таълим муассасаси ҳам фарзандларимиз камоли йўлида амалга оширилаётган ана шу ислоҳотларнинг узвий давомидир.
Муассасанинг янги биносида болаларимизга жаҳон андазалари асосида таълим ва тарбия бериш учун барча шарт-шароитлар яратиб берилган. Хоналар ёруғ ва шинам, барча инвентарлар мавжуд. Ҳозирда 6 гуруҳда 120 нафар болажон тарбия олмоқда. Рус тили, инглиз тили, спорт тўгараклари фаолияти йўлга қўйилган. Қолаверса, маҳаллий аҳоли таклифларидан келиб чиқиб, мактабгача таълим муассасасида яна 2 та қисқа муддатли гуруҳлар очилиб, уларда 50 нафарга яқин болажонлар таълим тарбия олишмоқда.
Муассаса 2 млрд. 565 миллион сўмлик инвестиция маблағи асосида бунёд этилди.
Вазирлик Ахборот хизмати