Аввалроқ, Ўзбекистон футзал терма жамоаси 22-24-январь кунлари Қозоғистоннинг Алмати шаҳрида ўзининг навбатдаги йиғинини ўтказиши ва Қозоғистон футзал терма жамоасига қарши 22- ҳамда 23-январь кунлари иккита ўртоқлик учрашувида майдонга тушиши ҳақида маълум қилган эдик.
Терма жамоамиз Қозоғистон йиғинидан қайтгач, мусобақа олдидан сўнгги йиғинни бошлайди. 1-февралдаги Вьетнам жамоаси билан ўйиндан сўнг, Осиё чемпионати олдидан яна бир ўртоқлик учрашуви ўтказиш режалаштирилган.
Эслатиб ўтамиз, футзал бўйича Ўзбекистон терма жамоаси 2016 йилнинг 10-21-февраль кунлари бўлиб ўтадиган Осиё чемпионатига тайёргарлик жараёнини олиб бормоқда. Қитъа биринчилиги финал босқичи учун ташланган қуръа натижасига кўра, Ўзбекистон терма жамоаси "А" гуруҳидан ўрин олган. Гуруҳда Хосе Мария Мендез жамоасига Саудия Арабистони, Қирғизистон ҳамда Ливан жамоалари рақиб бўлади.
Таъкидлаш керакки, Тошкентда бўлиб ўтадиган ушбу мусобақада энг юқори 5 ўринни эгаллаган жамоалар 2016-йилнинг 10-сентябридан 1-октябригача Колумбияда бўлиб ўтадиган Жаҳон чемпионатига йўлланмани қўлга киритади.