14 июль куни Тошкентда БМТ Фуқаросизликни камайтириш тўғрисидаги конвенциясининг ўзбекча нашри тақдимоти бўлиб ўтди. Мазкур Конвенциянинг 60 йиллигига бағишланган тақдимот Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан БМТнинг Ўзбекистондаги Доимий мувофиқлаштирувчиси офиси ва БМТ Қочоқлар ишлари бўйича олий комиссари Бошқармасининг Марказий Осиё бўйича ваколатхонаси билан ҳамкорликда ташкил этилди.
Фуқаросизликни камайтириш тўғрисидаги конвенция — Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг 1961 йилда қабул қилинган кўп томонлама шартномасидир. Унга кўра мустақил давлатлар фуқаросизлик кўламини қисқартириш тўғрисида келишувга эришади.
Бундай жуда муҳим халқаро ҳужжатларнинг ўзбек тилига таржима қилиниши Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро мажбуриятларини амалга ошириш йўлидаги аҳамиятли қадамларидан ҳисобланади.
«Ўз қадрдон гўшаларини ташлаб кетишга мажбур бўлган инсонларни ҳимоя қилиш — бу башариятнинг барча маданиятларига хос бўлган анъана ҳамда инсоният бирдамлиги ва халқаро ҳуқуқнинг узвий қисмидир. Ўзбекистонда ҳам уруш ёки таъқиблар оқибатида қувғинга дучор бўлган шахсларни ҳимоя остига олишдек эзгу анъана азалдан мавжуд бўлиб, кейинги йилларда мамлакат ўз ҳудудидаги фуқаросизлик муаммосини ҳал қилиш йўлида эътиборга сазовор қадамлар қўйди», - деди БМТнинг Ўзбекистондаги Доимий мувофиқлаштирувчиси Ҳелена Фрейзер.
Шунингдек, Ҳ.Фрейзер БМТ Ўзбекистоннинг Қочоқлар мақоми тўғрисидаги конвенцияга ва унинг Протоколига қўшилишини, аввалгидек, қўллаб-қувватлашда давом этишини таъкидлади.
БМТ Фуқаросизликни камайтириш тўғрисидаги конвенциясининг ўзбек тилига таржима қилиниши ва нашр этилиши БМТ Қочоқлар ишлари бўйича олий комиссари Бошқармасининг Марказий Осиё бўйича ваколатхонаси томонидан ҳам қўллаб-қувватланди. Ваколатхона раҳбари Ханс Фридрих Шоддернинг фикрича, бу борада эришилган натижа хизмат мавқеидаги ҳуқуқшунослар, олимлар ва қарорлар қабул қилиш ваколатига эга шахсларни энг мақбул халқаро амалиёт билан янада кенг ва яқиндан таништириш имконини беради.
«Ушбу таржималар бошпана сўровчилар, қочоқлар ва фуқаролиги бўлмаган шахсларни ҳимоя қилиш учун ўта самарадор миллий қонунчиликни, амалиёт ва тегишли институтларни ривожлантириш борасида қўл келишига ишонамиз», - деди Х.Ф.Шоддер.
Фуқаросизлик муаммосига ижобий ечим топишда ўзаро ҳамкорликнинг ўрни жуда муҳим, хусусан, БМТ Қочоқлар ишлари бўйича олий комиссари Бошқармасининг қўллаб-қувватлаши фуқаросизликка тўла барҳам беришда ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Бу ҳақда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов ўз чиқишида алоҳида тўхталди.
«Халқаро ҳужжатлар нашрларининг ўзбек тилига таржима қилиниши кишиларга фуқаросизлик масаласи бўйича халқаро ҳуқуқнинг умумий принциплари билан танишиш ва Конвенция талаблари қай тарзда бажарилаётгани, фуқаролиги бўлмаган шахслар қандай ҳуқуқ ва эркинликлар ҳамда мажбуриятларга эга эканини билиб олиш имконини беради», - деди Инсон ҳуқуқлари бўйича марказ раҳбари.
Бундан ташқари, А.Саидов таъкидлаганидек, ушбу соҳага тааллуқли билимларга, айниқса, мансабдор шахсларнинг тўлиқ эга бўлиши ниҳоятда зарур. Чунки улар фуқаролиги бўлмаган инсонларга нисбатан ҳурмат ва бағрикенглик билан муносабатда бўлишни ҳамда бу инсонларни ўзлари яшаб турган давлат тараққиётига муносиб ҳисса қўшишга қодир шахслар сифатида қабул қилишни рағбатлантиришда етакчи роль ўйнайдилар.
Шуни ҳам қайд этиш керакки, фуқаросизлик соҳасида иккита Конвенция қабул қилинган бўлиб, ушбу халқаро ҳужжатлар қочоқларнинг уларни қабул қиладиган мамлакатдаги мақоми, ҳуқуқ ва мажбуриятлари белгилаб қўйилган мўътабар универсал шартномалар ҳисобланади. Ҳар икки Конвенция фуқаросизликнинг сабаб ва оқибатларини бартараф этиш учун зарур бўлган ва бошқа ҳеч қайси ҳужжатларда акс этмаган универсал стандартлар ва ҳуқуқий асосларни ўзида қамрагани билан ғоятда аҳамиятлидир.