Валюта курслари 29/11/2024
$1 – 12865.05
UZS – 0.13%
€1 – 13550.76
UZS – 0.28%
₽1 – 116.73
UZS – -2.78%
Қидириш
Ўзбекистон 12/11/2021 Фуқаросизлик ва қочоқлар ҳимоясига доир қўлланмалар – ўзбек тилида
Фуқаросизлик ва қочоқлар ҳимоясига доир қўлланмалар – ўзбек тилида

11 ноябрь куни Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказида парламент аъзоларига мўлжалланган иккита янги нашр – “Фуқаролик тўғрисидаги қонунларда фуқаросизликнинг олдини олиш ва камайтиришнинг муваффақиятли амалиёти” номли 29-қўлланма ҳамда “Қочоқларни халқаро ҳимоя қилиш ва давлат бошпана тизимини яратиш масалалари бўйича қўлланма”нинг (Парламент аъзолари учун 27-қўлланма) ўзбек тилидаги таржималари тақдимоти бўлиб ўтди. Тадбир БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Бошқармаси билан ҳамкорликда ташкил этилди.

Мазкур китоблар Парламентлараро Иттифоқ ва БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Бошқармаси билан биргаликда нашр этилди. Ҳар икки қўлланма парламент аъзоларига фуқаролик ва фуқаросизлик тўғрисидаги миллий қонунчилик ҳужжатларини ишлаб чиқиш ҳамда қўллаш жараёнида муҳим амалий восита сифатида хизмат қилади.

Тақдимотда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенати аъзолари иштирок этди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов таъкидлаганидек, фуқаросизлик муаммоларига ечим топиш – бугунги кунда дунёнинг аксарият мамлакатлари сиёсатида долзарб ўрин тутади.  Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёев БМТ Инсон хуқуқлари бўйича кенгашининг 46-сессиясида Ўзбекистон фуқаросизликни камайтириш борасидаги  сиёсатига қатъий содиқлигини яна бир бор таъкидлади.

Шу асосда, хусусан, “Ўзбекистон Республикаси фуқаролиги тўғрисида”ги янгиланган қонунга мувофиқ, 2021 йил 1 майдан бошлаб мамлакатимизга 2005 йил 1 январга қадар келиб, доимий яшаётган, шунингдек, мамлакатимизда 15 йил давомида доимий яшаб турган фуқаролиги бўлмаган ва чет давлат фуқаролигини қабул қилмаган шахслар томонидан истак билдирилган тақдирда Ўзбекистон Республикаси фуқароси деб тан олиш тартиби жорий қилинди.

Ўз навбатида, БМТ Қочоқлар масалалари бўйича олий комиссари Бошқармасининг Марказий Осиё минтақасидаги вакили Ханс Фридрих Шоддер фуқаролиги бўлмаган шахслар ва қочоқларни ҳимоя қилишнинг узоқ тарихи ва ибратли намуналарини ўзида мужассам этган ҳамда парламент аъзолари учун муҳим мазкур қўлланмаларнинг ўзбек тилига таржима қилингани ва нашр этилганидан мамнунлигини билдирди. Унинг фикрича, самарали парламент дипломатияси БМТ Қочоқлар масалалари бўйича олий комиссари Бошқармасининг глобал мақсадларига тўлиқ мос келади.

Шунингдек, “ушбу таржималар фуқаролиги бўлмаган шахслар ва қочоқларни ҳимоя қилишга тааллуқли миллий қонунчилик, мавжуд амалиёт ва институтларни самарали ривожлантиришга, фуқаросизликнинг олдини олиш ва унга батамом барҳам беришга яқиндан кўмаклашишига ишонамиз”, деди Х.Ф.Шоддер.

Тақдимот иштирокчилари фуқаросизлик муаммосини ҳал қилишда ўзаро ҳамкорлик муҳим аҳамият касб этишини таъкидладилар. Депутат ва сенаторларнинг сўзларига қараганда, халқаро ҳужжатларнинг ўзбек тилига таржима қилиниши парламент аъзоларига инсон ҳуқуқлари ва фуқаросизлик тўғрисидаги халқаро ҳуқуқнинг умумий принциплари билан танишиш имконини беради. Бундан ташқари, халқаро стандартлар миллий қонунчилик ва ҳуқуқни қўллаш амалиётига нечоғлик татбиқ этилаётгани хусусида муайян тасаввурга эга бўлиш учун имконият яратади.

Халқаро ҳужжатларнинг ушбу таржима нашрлари Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқлари соҳасида фаолият олиб бораётган халқаро ташкилотлар билан амалий ҳамкорликка содиқлигини яна бир бор тасдиқлайди.

Хусусан, “Қочоқларни халқаро ҳимоя қилиш ва давлат бошпана тизимини яратиш масалалари бўйича қўлланма” номли парламент аъзолари учун 27-қўлланмада қочоқлар ва халқаро ҳимояга эҳтиёжманд бошқа шахслар дуч келадиган муаммолар очиб берилган. Шундай шахслар учун қўлланадиган халқаро-ҳуқуқий стандартлар ва мажбуриятлар тушунарли ва қулай услубда баён этилган.

“Фуқаролик тўғрисидаги қонунларда фуқаросизликнинг олдини олиш ва камайтиришнинг муваффақиятли амалиёти” номли 29-қўлланмада эса бу борада синовдан ўтган ва давлатларнинг миллий қонунчилигида қўлланиши мумкин бўлган амалий мисоллар тавсия этилган. Буларнинг барчаси, ўз навбатида, болалар ўртасида фуқаросизлик юзага келишига мутлақо йўл қўймаслик, фуқаросиз шахсларни аниқлаш тартиб-таомилларини жорий этиш, умуман, фуқаросизликка барҳам бериш каби ўта долзарб масалаларда давлатлар учун фойдали ва қулай имкониятлар туғдирадиган муҳим тавсиялардир.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг