26 март куни Ўзбекистон ташаббуси билан Марказий Осиёда фуқаролиги бўлмаган шахслар сонини камайтириш ва унга барҳам бериш масалаларига бағишланган минтақавий давра суҳбати бўлиб ўтади.
Онлайн-муҳокама Ўзбекистон Республикасининг халқаро мажбуриятлари ва Президент Шавкат Мирзиёевнинг БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши 46-сессиясида илгари сурган ташаббусларини амалга ошириш доирасида ташкил этилмоқда. Ушбу тадбирни ўтказиш замирида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби Антониу Гутерришнинг фуқаролиги бўлмаган инсонлар сонини камайтиришга қаратилган чақириғини қўллаб-қувватлаш мақсади ҳам ўз мужассамини топган.
Давра суҳбатида Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистоннинг фуқаролиги бўлмаган шахслар масалалари билан шуғулланадиган давлат органлари, жумладан, ташқи ишлар, ички ишлар, адлия вазирликлари, миграция ва регистрация ишлари бўйича давлат хизматлари, статистика қўмиталари, шунингдек инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар ва минтақанинг тегишли фуқаролик жамияти институтлари вакиллари иштирок этиши кутилмоқда.
Тадбирдан кўзланган асосий мақсад фуқаролиги бўлмаган шахслар сонини камайтириш ва унга барҳам бериш соҳасидаги халқаро стандартларни таҳлил этишдан иборат. Шу билан бирга, "#IBelong" глобал кампанияси мисолида Марказий Осиёда фуқаросизлик муаммосига барҳам бериш борасида эришилган ялпи илғор натижаларни баҳолаш, Юқори даражадаги сегментнинг фуқаросизлик масалалари бўйича фаолияти самараларини таҳлил қилиш ва минтақа мамлакатлари бу борада зиммаларига олган мажбуриятларнинг бажарилиши ҳолатини кўриб чиқиш кўзда тутилмоқда.
Давра суҳбати доирасида айни соҳада мавжуд илғор тажриба ва муҳим натижаларни ўзаро алмашиш режалаштирилган. Бундан ташқари, фуқаросизлик муаммосига барҳам бериш борасида мавжуд бўшлиқлар, шу муносабат билан қонунчиликка киритиладиган зарур ўзгартиришлар, бугунги кун талабига жавоб бермайдиган жорий амалиёт тизимини қайта кўриб чиқиш мўлжалланган.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати