Валюта курслари 18/11/2024
$1 – 12812.30
UZS – 0.1%
€1 – 13532.35
UZS – 0.49%
₽1 – 128.37
UZS – -0.5%
Қидириш
Ўзбекистон 15/11/2016 Фуқароларнинг сайлов ҳуқуқлари кафолатларига бағишланди
Фуқароларнинг сайлов ҳуқуқлари кафолатларига бағишланди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- 2016-йилнинг 14-ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ёритиш бўйича Республика матбуот марказида Марказий сайлов комиссияси томонидан М.Ломоносов номидаги Москва давлат университетининг Тошкент шаҳридаги филиали билан ҳамкорликда фуқаролар сайлов ҳуқуқлари кафолатларига бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди.

Тадбирда Марказий сайлов комиссияси, Олий суд вакиллари, М.Ломоносов номидаги Москва давлат университетининг Тошкент шаҳридаги филиали ўқитувчи ва талабалари, экспертлар ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

Таъкидланганидек, мустақиллик йилларида мамлакатимизда демократик талаблар ва умумэътироф этилган халқаро стандартларга жавоб берадиган, фуқароларнинг ўз хоҳиш-иродасини эркин ифода этишини кафолатлайдиган миллий сайлов тизими яратилди. Фуқароларнинг жамият ва давлат ишларини бошқаришда бевосита ҳамда ўз вакиллари орқали иштирок этиш ҳуқуқи тўлалигича таъминланмоқда. Давра суҳбатида фуқароларнинг мамлакатимиз Конституцияси ҳамда бошқа меъёрий ҳужжатларда белгиланган сайлов ҳуқуқларини таъминлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Бу борада «Фуқаролар сайлов ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни муҳим аҳамиятга эга. Унга мувофиқ, фуқароларнинг сайлов ҳуқуқлари давлат муҳофазасига олинган бўлиб, ижтимоий келиб чиқиши, ижтимоий ва мулкий мавқеи, ирқий ва миллий мансублиги, жинси, маълумоти, тили, динга муносабати, машғулотининг тури ва хусусиятидан қатъи назар фуқаролар тенг сайлов ҳуқуқига эгадир.

Иштирокчилар Ўзбекистон Республикасининг 18 ёшга тўлган фуқаролари сайлаш ҳуқуқига эгалигига эътибор қаратди. Ўттиз беш ёшдан кичик бўлмаган, давлат тилини яхши биладиган ҳамда бевосита сайловгача камида ўн йил Ўзбекистон Республикаси ҳудудида муқим яшаётган Ўзбекистон Республикаси фуқароси Ўзбекистон Республикаси Президенти лавозимига сайланиш ҳуқуқига эга.

Сайловчилар ўз хоҳиш-иродаларини эркин билдириш ва яширин овоз бериш ҳуқуқига эга. Бунинг учун участка сайлов комиссиялари овоз беришни махсус ажратилган биноларда ташкил этиб, фуқароларга хоҳиш-иродани эркин ва яширин равишда билдириш имкониятини яратади. Сайловчиларнинг хоҳиш-ирода билдиришларини назорат этишга йўл қўйилмайди.

Ўзбекистон Республикасининг ҳар бир фуқаросига унинг сайлов ҳуқуқлари суд йўли билан ҳимоя этилиши, сайлов комиссияларининг, давлат органларининг, мансабдор шахсларнинг, жамоат бирлашмаларининг ғайриқонуний хатти-ҳаракатлари устидан судга шикоят қилиш имкониятлари кафолатланади. Фуқароларнинг сайлов ҳуқуқларини тўғридан-тўғри ёки билвосита чеклашга йўл қўйилмайди. Уларнинг сайлаш ва сайланиш ҳуқуқларига тўсқинлик қилиш қонунга мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлади.

Бутун сайлов компанияси кенг ошкоралик асосида тузилади. Ҳар бир сайловчи сайлов давомида сайлов округлари ва участкаларини тузишга, сайлов комиссияларининг таркиби, комиссиялар жойлашган манзил ва иш вақтига, номзодларни рўйхатга олиш, овоз бериш ва сайлов якунларига доир ахборотни излаш, олиш ва тарқатиш ҳуқуқига эга.

Сайлов комиссияларининг сайлов округлари ва участкаларини тузиш, сайлов комиссияларининг таркиби тўғрисидаги, шунингдек, номзодларни рўйхатга олиш, овоз бериш ва сайлов якунлари ҳақидаги қарорлари матбуотда эълон қилинади.

Эслатиб ўтамиз, жорий сайлов жараёнини ёритиш учун Марказий ва округ сайлов комиссиялари томонидан 1210 нафар хорижий ва миллий ОАВ вакиллари аккредитациядан ўтказилди. Республика матбуот маркази ҳамда округ сайлов комиссиялари матбуот марказлари томонидан сайлов кампаниясининг муҳим босқичларига бағишланган 92 та матбуот анжумани ва брифинг ўтказилди. Сайлов кампанияси бошланганидан эътиборан миллий ва хорижий оммавий ахборот воситаларида бугунги кунга қадар 11 мингдан зиёд сюжет ва репортажлар, шу жумладан, матбуотда 4600 дан зиёд мақола, теле- ва радиоканаллар орқали 4600 га яқин, интернет нашрларида эса 2200 дан ортиқ хабар ва таҳлилий материаллар узатилди.

Таъкидлаш лозимки, шу йилнинг октябрь ойида “Ижтимоий фикр” маркази томонидан жамоатчилик ўртасида ўтказилган сўровга мувофиқ сайлов ҳуқуқига эга Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг аксарияти (95%) бўлажак Президент сайловида албатта иштирок этади. 99,4% респондент сайлов кампанияси билан боғлиқ янгиликларни кузатиб бормоқда. Аҳолининг аксарияти бўлажак сайлов бўйича хабардорлигига юқори баҳо берган бўлса, сўралганларнинг 60,6 фоизи номзодларнинг сайловолди ташвиқоти тўғрисида маълумотга эгалиги, овоз бериш жараёнидаги ҳуқуқлари ҳақида хабардорлигини маълум қилган.

Эркин мунозара шаклида ўтказилган давра суҳбати давомида иштирокчилар ўзларини қизиқтирган барча саволларга жавоб олди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ёритиш бўйича Республика матбуот маркази

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг