Валюта курслари 20/09/2024
$1 – 12724.84
UZS – -0.12%
€1 – 14223.83
UZS – 0.23%
₽1 – 137.11
UZS – -1.46%
Қидириш
Ўзбекистон 06/10/2016 Фуқароларнинг жамият ва давлат ишларини бошқаришдаги ҳуқуқларини амалга оширишнинг энг муҳим демократик институти
Фуқароларнинг жамият ва давлат ишларини бошқаришдаги ҳуқуқларини амалга оширишнинг энг муҳим демократик институти
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- Маълумки, барча демократик ўзгаришларнинг асоси фуқароларнинг хоҳиш иродаси бўлиб, у умумий, тўғридан-тўғри ва тенглик тамойиллари асосида ўтказиладиган сайловларда ўз ифодасини топади.

Давлат ҳокимияти муҳим органларини шакллантиришнинг электорал механизми, эркин ва очиқ сайловларнинг мунтазам ўтказилиши демократиянинг амалий тасдиғи, мамлакатдаги мавжуд сиёсий тизим легитимлиги, яъни қонунийлигининг бош мезонидир.

Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президенти Ислом Каримов таъкидлаганидек, демократия ва сайлов тушунчалари доимо ёнма-ён юради, улар ўзаро бирлашиб кетган. Сайлов – демократия дегани. Демократия, бу – сайлов дегани.

Эркин демократик сайловлар референдум каби халқ ҳокимияти бевосита намоён бўлишининг олий ифодаси, мамлакатда халқ ҳокимиятчилигини амалга оширишнинг шакли бўлиб, унда халқ бевосита ўз сиёсий хоҳиш иродасини билдиради. Сайловлар сиёсий жараёнларнинг рақобатлилиги ва ҳаққонийлигини таъминлайдиган восита, сиёсий курашнинг маданий шакли ҳисобланади.

Сайлов воситасида фуқароларнинг давлат ҳокимияти вакиллик органларини сайлаш ва сайланишга оид конституциявий ҳуқуқлари амалга оширилади. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси томонидан 1948 йилда тасдиқланган Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясида халқ иродаси ҳукумат ҳокимиятининг асоси бўлиши, бу ирода даврий ва сохталаштирилмаган, ялпи ҳамда тенг сайлов ҳуқуқидан, яширин овоз бериш йўли билан ёки овоз бериш эркинлигини таъминлайдиган бошқа тенг қийматли шакллар воситасида ўтказиладиган сайловларда ўз аксини топиши лозимлиги белгилаб қўйилган.

Шунинг учун ҳам Ўзбекистонда сайлов қонунчилигининг изчил такомиллаштирилишини мамлакатда олиб борилаётган демократик ислоҳотларнинг таркибий қисми сифатида кўриш мумкин.

Бугунги кунда юртимизда БМТ, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти (ЕХҲТ), Парламентлараро Иттифоқ ҳужжатлари қоидаларини, халқаро ҳуқуқнинг тегишли стандартларини ҳамда илғор хорижий давлатлар тажрибасини ўзида акс эттирган миллий сайлов қонунчилиги яратилган.

Сайлов қонунчилиги тизимига қандай қонунлар кириши ҳақида тўхталиб ўтадиган бўлсак, энг аввало, Ўзбекистон Республикаси Конституциясини қайд этиш жоиз. У бутун сайлов қонунчилиги тизимининг асосини ташкил этади. Асосий Қонунимизнинг 7-моддасига кўра, халқ давлат ҳокимиятининг бирдан бир манбаидир. Бу, моҳиятига кўра, демократиянинг қонуний кафолати ва давлатимиздаги сайлов қонунлари учун асосий қоидадир. Мазкур норма Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси 21-моддаси, ЕХҲТ Копенгаген ҳужжатининг 7-банди қоидалари имплементацияси ҳисобланади. Ўзбекистон Республикаси Конституциясида дунёнинг бошқа мамлакатларидан фарқли ўлароқ “Сайлов тизими” деб номланган махсус боб бўлиб, 117-моддада белгиланганидек, Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари давлат ҳокимияти вакиллик органларига сайлаш ва сайланиш ҳуқуқига эгадирлар. Ҳар бир сайловчи бир овозга эга. Овоз бериш ҳуқуқи, ўз хоҳиш иродасини билдириш тенглиги ва эркинлиги қонун билан кафолатланади.

Шунингдек, барча қонунлар бевосита Ўзбекистон Республикаси Президенти, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари сайловларига, қолаверса, Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси ҳамда фуқароларнинг сайлов ҳуқуқлари кафолатларига бағишланган.

Сайлов қонунчилиги тизимига яна бир қатор қонунлар киради. Гарчи, сайловлар улар томонидан бевосита тартибга солинмаган бўлса-да, у ёки бу даражада сайлов жараёнига дахлдордир.

“Оммавий ахборот воситалари тўғрисида”ги, “Сиёсий партиялар тўғрисида”ги, “Сиёсий партияларни молиялаштириш тўғрисида”ги, “Ўзбекистон Республикасида жамоат бирлашмалари тўғрисида”ги, “Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида”ги, “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонунлар шулар жумласига киради.

Юқорида зикр этилган қонунлар ўтган давр мобайнида вақт синовидан ўтиб, ўзининг ҳақиқий кучини, турли даражадаги сайлов амалиётида самарадорлигини намойиш этди.

Сайлов қоидалари ҳамда фуқаролик жамияти институтлари қонунчилигининг изчил ва тизимли демократлаштирилиши ҳамда эркинлаштирилиши натижасида мамлакатимизда сайловларга очиқлик, ошкоралик ва транспарентлик сингари илғор демократик стандартларга мувофиқ ҳолда тайёргарлик кўриш ҳамда уларни ўтказиш учун барча шароит яратилди. Ушбу тамойиллар мустақил Марказий сайлов комиссияси, фуқаролик жамияти институтлари, аввало, сиёсий партиялар, уларнинг ваколатли вакил ва кузатувчилари, оммавий ахборот воситалари, шунингдек, хорижлик кузатувчилар томонидан таъминланмоқда.

Сайловларни очиқ, ошкора ва транспарентлик тамойиллари асосида ўтказиш нафақат моддий, айни пайтда процессуал ҳуқуқ нормалари билан тартибга солинган. Аксарият бундай қоидалар сайловларни эълон қилиш, сайлов-ҳудудий округлар ҳамда тегишли сайлов комиссияларини тузиш, сайловчилар рўйхатини шакллантириш, номзодлар кўрсатиш ва уларни рўйхатга олиш, сайловолди ташвиқоти, овоз бериш ҳамда унинг натижаларини аниқлаш тартиб-таомилларига боғлиқдир. Шунинг учун сайловнинг мустақил сайлов органлари (сайлов комиссиялари) томонидан ўтказилиши энг муҳим тамойил саналади.

Маълумот учун, жаҳонда сайловларни ташкил қилишнинг тўртта амалиёти мавжуд. Биринчиси, сайловлар ҳукумат томонидан ташкил этилади. Масалан, Буюк Британия, Италия, Франция ва АҚШда марказий сайлов комиссиялари вазифасини ижро органлари бажаради. Германияда сайловни ўтказиш билан Ички ишлар вазирлиги шуғулланади.

Иккинчиси, сайловлар суд органлари томонидан ўтказилади. Мисол учун, Покистонда Марказий сайлов комиссияси Олий ва бошқа судлар раислари орасидан сайланган уч нафар судьядан иборат таркибда бўлади. Руминияда Марказий сайлов комиссиясининг етти кишилик таркиби Олий суд аъзолари орасидан қуръа ташлаш орқали тайинланади.

Учинчиси, бу кўппартиявийлик ёндашуви бўлиб, унда манфаатдор партиялар Марказий сайлов комиссиясига ўз вакилларини тайинлайди.

Сўнгги, энг демократик шакл – мустақил Марказий сайлов комиссиясини ташкил этишдир.

Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонун ҳужжатларига кўра, республика ҳудудида сайлов қонунчилиги ижроси устидан назорат қиладиган, унинг бир хилда қўлланилишини таъминлайдиган ваколатли орган Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясидир.

2014 йилнинг апрель ойида юртимиз парламенти томонидан Ўзбекистон Республикаси Конституциясига, шу жумладан, 117-моддага қўшимчалар киритилди. Унга мувофиқ, Марказий сайлов комиссиясини шакллантиришнинг демократик тизими, унинг фаолияти асосий тамойиллари конституциявий жиҳатдан мустаҳкамлаб қўйилди, вакиллик органларига сайловни ташкил қилишга масъул бўлган бутун сайлов органлари мустақиллиги кафолатлари кучайтирилди.

Маълумки, сайловларни кузатиш имконияти сайлов жараёнининг очиқлигини таъминлашда муҳим жиҳатлардан биридир. Копенгагенда 1990 йилда қабул қилинган ЕХҲТнинг мажбуриятларида сайлов жараёнининг нуфузини оширишда кузатувчилар роли алоҳида қайд этилган. Республикамизнинг амалдаги сайлов қонунчилигида сайловларнинг таъсирчан жамоатчилик ва холис халқаро кузатувини таъминлаш учун барча шароит ҳамда кафолатлар кўзда тутилган. Кузатувчилар институти сайлов жараёнининг очиқ ва ошкоралигини таъминлашнинг, барча сайлов иштирокчилари ҳуқуқ ва эркинликларини амалга оширишнинг, давлатлар ўртасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлашнинг муҳим шартларидан бири сифатида кўрилади.

Хусусан, “Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида”ги Қонуннинг 5-моддасида белгиланишича, сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишга доир барча тадбирларда, шунингдек ҳар бир сайлов участкасида сайлов куни овоз бериш хоналарида ва овозларни санаб чиқишда Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодлар кўрсатган сиёсий партиялардан биттадан кузатувчи, матбуот, телевидение ва радио вакиллари, бошқа давлатлар, халқаро ташкилотлар ва ҳаракатлардан кузатувчилар қатнашиш ҳуқуқига эгадирлар.

Унда кузатувчиларнинг ҳуқуқлари ҳам қонун билан мустаҳкамлаб қўйилган. Улар Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодлар кўрсатишга бағишланган йиғилишларда, округ ва участка сайлов комиссияларининг мажлисларида ҳозир бўлиш, сайлов участкасида ҳозир бўлиш ҳамда тайёргарлик ишларининг боришини, овоз бериш учун сайлов қутиларининг жойлаштирилиши ва муҳрланишини, фуқароларга сайлов бюллетенларининг берилишини кузатиш, овозларни санаб чиқишда ва участка сайлов комиссиясининг баённомасини тузишда ҳозир бўлиш, сайлов натижалари тўғрисидаги ҳужжатларнинг тегишли сайлов комиссияси томонидан тасдиқланган нусхаларини сўраш ва уларни олиш, агар сайлов участкасида ушбу Қонуннинг бузилишига йўл қўйилган деб ҳисоблаш учун асос бўлса, ўз кузатувлари тўғрисида юқори комиссияга маълум қилиш ҳуқуқлари ана шулар жумласидандир.

Сайлов жараёни очиқлиги, ошкоралиги ва транспарентлигини таъминлашда аҳолининг муайян қатлами манфаатларини ифодалайдиган сиёсий партияларнинг ваколатли вакиллари институти фаол иштирок этади.

Сиёсий партияларнинг ваколатли вакиллари Марказий сайлов комиссиясининг имзо варақалари тўғрилигини текшириш жараёнида қатнашиши мумкин. Ваколатли вакиллар институтининг жорий этилиши сайловларнинг холислигини ва шаффофлигини таъминлашда қўшимча кафолатлар яратиб беради, сайлов жараёнида сиёсий партияларнинг ҳуқуқлари амалга оширилишини таъминлайди.

Ҳаққонийлик, очиқлик ва ошкоралик, транспарентлик сайлов жараёнининг муҳим жиҳати ҳисобланади. Бу, аввало, сайлов жараёнининг барча иштирокчиси учун, шу жумладан, оммавий ахборот воситалари имкониятларидан фойдаланишда тенг шароитлар яратилган сайловлардир. Сайлов жараёни ҳаққоний ва ошкора молиялаштирилади, сайлов кампанияси ҳисобдорлик ҳамда шаффофлик тамойилларини ҳисобга олган ҳолда ташкил этилади. Сайловчиларга уларнинг номзодлар, сиёсий партиялар ҳақида хабардорлигига асосланган ҳолда онгли танловни амалга ошириш имконияти берилади.

Бутун сайлов кампанияси очиқлик асосида олиб борилади.

Фуқароларнинг ахборот ҳуқуқлари ўзига хос ҳуқуқий кафолат бўлиб, унинг қарор топиши ҳамда ҳаётга жорий қилиниши шахснинг ҳуқуқий ҳимояланганлик даражасини оширишда катта натижага эришилганидан далолат беради.

Демократик тизимда фуқаро давлатга таъсир кўрсатишнинг иккита қонуний механизмига эга бўлади. Яъни сайловда ўз хоҳиш иродасини билдириш ҳамда ҳокимиятга ўз фикр ва истакларини оммавий ахборот воситалари орқали етказишидир. Айнан тўлақонли ахборот муҳитигина демократик сайловларни ўтказиш учун асос яратиши керак.

Ҳар бир фуқаро сайлов жараёнида сайлов округи ва участкалари тузилиши, сайлов комиссияларининг таркиби, уларнинг жойлашган ери ҳамда иш вақти, номзодларни рўйхатга олиш якунлари, овоз бериш ва сайлов натижалари ҳақида ахборот излаш, олиш ҳамда тарқатиш ҳуқуқига эга. Ўзбекистон Республикасида сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишда фуқароларнинг сайлов ҳуқуқи ҳамда эркинликларини таъминлашнинг ҳуқуқий, ташкилий, ахборот ва процессуал кафолатлари яратилган. Тегишли сайлов комиссияларининг сайлов округ ва участкаларини тузиш, сайлов комиссиялари таркиби, шунингдек, номзодларни рўйхатга олиш, овоз бериш ҳамда сайлов якунлари матбуотда эълон қилинади ва оммавий ахборот воситаларида намойиш этилади.

Сайловда халқаро кузатувчиларнинг иштирок этиши сиёсий тадбирнинг очиқлиги ва ошкоралигига, давлатнинг халқаро мажбуриятларни бажаришига хизмат қилади. Халқаро кузатувчилар фаолияти халқаро ҳужжатлар ҳамда Ўзбекистон қонунлари билан тартибга солинади. Халқаро кузатувчилар давлат ҳудудига қонунда белгиланган тартибда киришга рухсат олади ва тегишли таклифнома бўлган тақдирдагина Марказий сайлов комиссияси томонидан аккредитациядан ўтказилади. Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси халқаро кузатувчига белгиланадиган намунадаги аккредитациядан ўтказилганлиги ҳақидаги гувоҳномани тақдим этади. У халқаро кузатувчига сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш даврида кузатувни амалга ошириш ҳуқуқини беради.

2015 йил баҳорида Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови бўйича сайлов кампаниясида Америка, Европа, Осиё ва Африканинг 43 давлатидан ҳамда бешта халқаро ташкилот – Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти, Бутунжаҳон сайлов органлари ассоциацияси ва Ислом ҳамкорлик ташкилотидан 299 нафар кузатувчи иштирок этгани сайловнинг демократиклиги, очиқлиги ва транспарентлиги далили ҳисобланади. Сайлов жараёни мониторингида сиёсий партиялардан 35 минг нафардан ортиқ кузатувчи қатнашди.

Манфаатдор шахслар томонидан қонунга хилоф равишда натижага эришиш мақсадида сайлов қонунчилигини қасддан бузиш ҳолатлари Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқ жазоланади.

Сайлов ҳуқуқининг амалга оширилишига тўсқинлик қилиш Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 147-моддасига биноан, жиноий-ҳуқуқий жавобгарликка сабаб бўлади. “Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси тўғрисида”ги Қонун билан сайлов комиссияларининг қарорлари, хатти-ҳаракатлари ҳамда улар юзасидан Марказий сайлов комиссияси томонидан қабул қилинган қарорлар устидан ариза ва шикоятлар кўриб чиқилиши кўзда тутилган. “Фуқаролар сайлов ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги Қонуннинг 20-моддасига кўра, Ўзбекистон Республикасининг ҳар бир фуқаросига унинг сайлов ҳуқуқлари суд йўли билан ҳимоя этилиши, сайлов комиссияларининг, давлат органларининг, мансабдор шахсларнинг, жамоат бирлашмаларининг ғайриқонуний хатти-ҳаракатлари устидан судга шикоят қилиш имкониятлари кафолатланади. Ўзбекистон сайлов қонунчилиги холис баҳоланар экан, у сайлов ҳуқуқининг бош устувор мақсад ва моҳиятига – ҳокимиятга муносиб халқ вакиллари сайланишини таъминлаш, холислик, қонунийликни, сиёсий партиялар ғоя ва дастурларининг тенг ҳамда адолатли рақобатини кафолатлашга мувофиқлигини алоҳида қайд этиш мумкин.

Есемурат КАНЬЯЗОВ, Тошкент давлат юридик университети ректори,

Ҳасан ИСЛОМХЎЖАЕВ, Тошкент давлат юридик университети профессори.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг