Ташкент, Узбекистан (UzDaily.uz) - 2019-йилнинг 17-апрел куни Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов Савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича Ҳукуматлараро комиссия ҳамраиси, Франция Республикасининг Европа ва ташқи ишлар вазири ҳузуридаги Давлат котиби Жан-Батист Лемуан бошчилигидаги делегацияни қабул қилди.
Суҳбат чоғида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2018-йил 8-9-октабр кунлари Францияга расмий ташрифи доирасида эришилган келишувларнинг амалга оширилиши ҳамда ўзаро манфаатли барча соҳалардаги икки томонлама муносабатларни янада ривожлантириш ва мустаҳкамлаш истиқболлари муҳокама қилинди.
Кўпқиррали ҳамкорликни кенгайтириш учун улкан салоҳият мавжудлиги алоҳида таъкидланди. Франция Ўзбекистоннинг Европадаги йирик савдо-иқтисодий ҳамкори ҳисобланади. 2018-йил якунига кўра икки мамлакат ўртасидаги савдо ҳажми 19,1 фоизга ўсди. Маданий, гуманитар, туризм, таълим ва бошқа соҳаларда ҳамкорлик фаоллашди.
Самарқанд шаҳрида 16-апрел куни ўз фаолиятини бошлаган Франция Фахрий Консуллигининг очилиши ушбу йўналишлардаги алоқаларни кенгайтиришда муҳим аҳамият касб этади.
Жан-Батист Лемуан Самарқанд ва Тошкент вилоятларига ташрифидан олган таассуротлари тўғрисида сўзлаб берди. Давлат котиби мазкур вилоятларда Франция тараққиёт агентлиги иштирокида амалга оширилаётган лойиҳалар билан танишди ва муваффақиятли ҳамкорлик учун яратилган қулай шароитлар учун миннатдорчилик билдирди.
Суҳбат давомида 2019-йил бўлиб ўтадиган Ўзбекистон-Франция учрашувлари жадвали, жумладан, сиёсий маслаҳатлашувлар ва бошқа қўшма тадбирларни ўтказиш масалалари юзасидан фикр алмашилди.
Учрашувда долзарб халқаро ва минтақавий муаммолар, шунингдек, Афғонистондаги тинчлик жараёнига кўмаклашиш билан боғлиқ масалалар муҳокама қилинди.
Музокараларда Франциянинг Ўзбекистондаги Элчиси Виолен де Вилмор иштирок этди.
Учрашув якунида Ўзбекистон-Франция ҳужжатларини имзолаш маросими бўлиб ўтди.
Давлат котиби Жан-Батист Лемуан ва Ўзбекистон Республикаси томонидан Олий ва ўрта махсус таълим вазири Ином Мажидов, Адлия вазири Русланбек Давлетов, Молия вазирининг ўринбосари Одилбек Исаков, Олий таълим, илмий тадқиқотлар, инновация ва махсус таълим соҳасида ҳамкорликни мустаҳкамлаш бўйича аҳдлашув баённомаси, Ҳуқуқ соҳасида алмашинув ва ҳамкорлик тўғрисидаги маъмурий келишув, Давлат молияси соҳасида ҳамкорлик бўйича аҳдлашув баённомасини имзоладилар.
Манба: ТИВ расмий сайти.