Валюта курслари 20/09/2024
$1 – 12724.84
UZS – -0.12%
€1 – 14223.83
UZS – 0.23%
₽1 – 137.11
UZS – -1.46%
Қидириш
Ўзбекистон 18/04/2012 Фракция йиғилишлари бўлиб ўтди
Фракция йиғилишлари бўлиб ўтди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасидаги сиёсий партиялар фракциялари ҳамда Ўзбекистон Экологик ҳаракатидан сайланган депутатлар гуруҳининг навбатдаги йиғилишлари бўлиб ўтди.

Йиғилишларда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг навбатдаги ялпи йиғилиши муҳокамасига киритилиши назарда тутилаётган қонун лойиҳалари муҳокама қилинди.

Даставвал, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан киритилган «Риэлторлик фаолияти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни қабул қилиниши муносабати билан «Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартишлар киритиш ҳақида»ги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳасини биринчи ўқишда муҳокама қилинди.

Қонун лойиҳасининг мақсади – хатланган мол-мулкни реализация қилишни тартибга солишдан иборат. Унинг 3-моддасида риэлторлик фаолияти риэлторлик ташкилоти томонидан махсус лицензия асосида амалга оширилиши белгиланган. Шунингдек, Қонунда риэлторлик ташкилоти фаолиятидан ташқари бошқа фаолият турларини амалга ошириш ҳуқуқига эга эмаслиги белгиланган.

Қонун қабул қилингунга қадар «Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида»ги Қонуннинг 56-моддасига асосан хатланган мол-мулкни, шу жумладан, ер участкаси, қурилиши тугалланмаган объектлар, кўчмас мулкни узоқ муддатли ижарага олиш ҳуқуқлари, ер участкасига бўлган мулкий ҳуқуқлар, шунингдек хатланган автомототранспорт воситаларини реализация қилиш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда махсус ажратилган майдончаларда биржалар томонидан ўтказиладиган очиқ аукцион шаклидаги кимошди савдосида амалга оширилар эди.

Риэторлик фаолиятининг ўзига хослигидан келиб чиқилганда, биржалар кўчмас мулк объектларини ва уларга бўлган ҳуқуқларнинг савдосини ташкил этиш билан боғлиқ хизматларни кўрсатиш, яъни риэлторлик фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқига эга эмас.

Шу муносабат билан лойиҳада «Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида»ги Қонуннинг 56 ва 63-моддаларига хатланган кўчмас мулкларни риэлторлик ташкилотлари томонидан, хатланган автомототранспорт воситаларини эса савдони ташкил этишни амалга оширувчи ташкилот сифатида махсус савдо ташкилотлари томонидан реализация қилинишини назарда тутувчи ўзгартишлар киритиш таклиф этилмоқда.

Кун тартибидаги навбатдаги масала – Ўзбекистон Республикаси Олий суди томонидан киритилган «Суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳасини биринчи ўқишда фракция аъзолари кўриб чиқдилар.

Қонун лойиҳасида қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш масаласини судлар томонидан кўриб чиқиш тартибига ўхшаш айбланувчини, судланувчини лавозимидан четлаштириш ва шахсни тиббий муассасага жойлаштириш тўғрисидаги илтимосномани судлар томонидан кўриш тартиби кўзда тутилган.

Судга қадар иш юритув босқичида лавозимдан четлаштириш ва шахсни тиббий муассасага жойлаштириш тарзидаги процессуал мажбурлов чораларини қўллаш бўйича прокурор (суриштирувчи, терговчи) ваколатини судларга ўтказилиши ҳақидаги таклифларни амалга оширилиши Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг нормаларига мос келади ва ушбу масалани холис ва беғараз орган, яъни суд томонидан тегишли суд процедураларидан фойдаланган ҳолда ҳал қилиш учун керакли шарт-шароитларни яратади.

Фракция аъзолари биринчи ўқишда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан киритилган «Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 249-моддасига ўзгартиш киритиш ҳақида»ги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳасини муҳокама қилишди.

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 249-моддасига ўзгартиш киритилиши Давлат ёнғин назорати органларининг фаолиятини белгиловчи меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларни Ўзбекистон Республикасининг «Ёнғин хавфсизлиги тўғрисида»ги, «Хўжалик юритувчи субъектларнинг фаолиятини давлат томонидан назорат қилиш тўғрисида»ги Қонунлари ҳамда Давлат ёнғин назоратини амалга оширадиган Ички ишлар вазирлигининг тегишли бўлинмалари фаолиятини белгиловчи бошқа меъёрий ҳужжатларига мувофиқлаштириш билан боғлиқ.

Шунингдек, йиғилишда фракция аъзолари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан киритилган «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳасини биринчи ўқишда муҳокама қилдилар.

Мазкур қонун лойиҳаси Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Оммавий ахборот воситаларини янада ривожлантириш учун қўшимча солиқ имтиёзлари ва афзалликлар бериш тўғрисида»ги 2011 йил 30 декабрдаги Қарорига ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикасининг 2012 йилги асосий макроиқтисодий кўрсаткичлари прогнози ва Давлат бюджети параметрлари тўғрисида»ги 2011 йил 30 декабрдаги Қарорига асосан тайёрланган.

Қонун лойиҳасида Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодекси 155-моддасининг биринчи қисмига, Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-ижроия кодекси 92-моддасининг иккинчи қисмига, “Фермер хўжалиги тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни 23-моддасининг учинчи қисмига, “Хусусий корхона тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни 19-моддасининг иккинчи қисмига, Ўзбекистон Республикасининг «Жиноят ишини юритиш чоғида қамоқда сақлаш тўғрисида»ги Қонуни30-моддасининг учинчи қисмига ва Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодекси бир нечта моддаларига ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга Меҳнатга ҳақ тўлаш ягона тариф сеткасининг биринчи разрядидан кам бўлмаган миқдорида белгиланишини назарда тутувчи ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тартиби кўзда тутилганлиги билан аҳамиятлилиги таъкидланди.

Йиғилишларда кўрилган ҳар бир қонун лойиҳаси юзасидан фракцияларнинг нуқтаи назари билдирилиб, биринчи ўқишда концептуал-ҳуқуқий жиҳатдан маъқуллаш тўғрисида қарор қабул қилинди.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг