Валюта курслари 27/06/2025
$1 – 12586.41
UZS – 0.44%
€1 – 14758.82
UZS – 1.52%
₽1 – 160.42
UZS – 0.38%
Қидириш
Иқтисод 27/06/2025 «Fitch» халқаро рейтинг агентлиги Ўзбекистон кредит рейтингини «BB-» дан «BB» даражасига оширди

«Fitch» халқаро рейтинг агентлиги Ўзбекистон кредит рейтингини «BB-» дан «BB» даражасига оширди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Жорий йилнинг 26 июнь куни «Fitch» халқаро рейтинг агентлиги томонидан Ўзбекистон суверен кредит рейтингига бағишланган навбатдаги ҳисобот эълон қилинди. Унга кўра, Ўзбекистон суверен кредит рейтинги баҳоси 2018 йилдан бери илк бора «BB-»дан бир поғона юқорига, «BB» даражасига оширилди ва рейтинг кутилмаси барқарор даражада тасдиқланди.

Қайд этиш лозимки, жорий йилнинг 23 май куни «S&P» рейтинг агентлиги ва 13 июнь куни «Моодйъс» рейтинг агентлиги Ўзбекистон суверен кредит рейтинги баҳоси кутилмасини «барқарор»дан «ижобий»га оширган эдилар.

Натижада, суверен халқаро облигацияларимизнинг иккиламчи бозордаги фоиз ставкалари ўртача 0,5 фоизга пасайди ҳамда давлат корхоналари (НКМК, Ўзбекнефтегаз, Ўзагросуғурта, Ўзбекинвест) ва банклари (Миллийбанк, Асакабанк, Агробанк, Микрокредитбанк) кредит рейтинглари кутилмалари ҳам «ижобий»га оширилди.

Шуни таъкидлаш лозимки, жорий йилнинг 27-29 май кунлари «Фитч» таҳлилчилари Тошкентга ташрифи давомида Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Марказий банк, Адлия вазирлиги, Миллий статистика қўмитаси ва бошқа идоралар вакиллари, шунингдек, Халқаро валюта жамғармаси, Жаҳон банки, Осиё тараққиёт банки ва Европа тикланиш ва тараққиёт банкининг вакиллари билан республикадаги макроиқтисодий ҳолат ва амалга оширилаётган ислоҳотларни батафсил муҳокама қилдилар.

«Fitch» ҳисоботига кўра Ўзбекистон суверен кредит рейтингининг «BB» даражасигача оширилиши республикада амалга оширилаётган ислоҳотларнинг жадаллашуви ва ўрта муддатли истиқболда барқарор иқтисодий ўсиш туфайли макроиқтисодий хатарларнинг жиловланиши ва таркибий кўрсаткичларнинг яхшиланиб бориши юзасидан кутилмаларни акс эттиради.

Жумладан, энергетика тарифларини либераллаштирилиши натижасида 2024 йилда буджет тақчиллигининг 3,3 фоизгача пасайиши ҳамда энергетика соҳасига субсидияларнинг камайиши алоҳида эътироф этилган.

«Fitch» томонидан 2025-2026 йилларда буджет тақчиллиги 3 фоиздан ошмаслиги ҳамда буджет даромадларининг ошиши қўшимча фискал буфер яратиши қайд этилган.

Агентлик томонидан давлат корхоналарини ислоҳ қилиш жадаллашгани, жумладан давлат корхоналари сони қисқаргани, 18 та корхоналардаги давлат улуши Миллий инвестиция жамғармасига ўтказилгани ҳамда корхоналар бошқаруви ва мустақиллигини ошириш чораларига алоҳида эътибор қаратилган.

«Fitch» томонидан давлат қарзи (давлат кафолатлари инобатга олинмаган) ҳажми 2025–2026 йилларда ялпи ички маҳсулотга (ЯИМ) нисбатан 32 фоиз атрофида сақланиши прогноз қилинган. Давлат қарзининг 89 фоизи хорижий валютада бўлсада, давлат ташқи қарзи асосан имтиёзли шартларда жалб қилинган кредитлардан иборатлиги ижобий баҳоланган.

Агентлик Ўзбекистонда 2025–2026 йилларда иқтисодий ўсишни ўртача  6,3 фоиз даражасида прогноз қилмоқда. Шунингдек, 2025 йилнинг биринчи чорагида иқтисодий ўсиш 6,8 фоизни ташкил этгани қайд этилган.

Ҳисоботда республиканинг халқаро захиралари ҳажми олтин нархининг ошиши туфайли 2024 йил якунидаги 41 млрд АҚШ долларидан 2025 йил 1 июнь ҳолатига 49.7 млрд АҚШ долларигача ошгани ва 2025–2026 йилларда жорий операциялар ҳисоби тўловини қоплаш даражаси 10 ойдан юқори бўлиши кутилаётгани айтилган.

Шу билан бирга, ҳисоботда Марказий банкнинг инфлация бўйича 5 фоизлик маррасига эришиш чораларини кўраётгани қайд этилган ҳамда инфлация даражаси 2026 йилда ўртача 7 фоизгача секинлашиши прогноз қилинган

«Fitch» томонидан депозитларнинг долларизация даражаси 2020 йил бошидаги 40 фоиздан 2025 йил март ойида 24,5 фоизга пасайгани қайд этилган.

«Fitch»га кўра, Ўзбекистон суверен кредит рейтинг баҳоси қуйидаги ҳолларда оширилади:

• таркибий ислоҳотлар жадаллашиши натижасида макроиқтисодий барқарорлик мустаҳкамланиши, юқори иқтисодий ўсиш сақланиши ҳамда фискал кўрсаткичларга ижобий таъсир кўрсатиши;

• паст буджет тақчиллиги таъминланиши натижасида ўрта муддатда давлат қарзи барқарор даражада сақланиши;

• бошқарув сифати сезиларли ва барқарор равишда яхшиланиши.

Ўзбекистоннинг суверен кредит рейтинги қуйидаги ҳолларда пасайтирилиши мумкин:

• хом-ашё товарлари нархларининг доимий пасайиши сабабли ташқи савдо тақчиллигининг ошиши ёки пул ўтказмаларининг камайиши каби омиллар туфайли халқаро захиралар сезиларли даражада камайиши;

• паст иқтисодий ўсиш, буджет тақчиллигининг ошиши, валюта курсининг кескин қадрсизланиши ёки давлат шартли мажбуриятларининг давлат томонидан қопланиши туфайли давлат қарзининг кескин ошиши ёки фискал буферлар камайиши.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг