Fitch Ratings учта давлат банклари акцияларининг Franklin Templeton бошқарувига ўтишига ижобий баҳо берди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Fitch Ratings агентлиги «Бизнесни ривожлантириш банки», «Микрокредитбанк» ва «Халқ банки» акция пакетларининг Ўзбекистон Миллий инвестиция жамғармасига (МИЖ) ўтказилишини ва унинг Franklin Templeton томонидан бошқарилишини олқишлади. Бу ҳақда 16 апрель куни Fitch агентлиги банк сектори бўйича директори Павел Каптел Тошкентда бўлиб ўтган Fitch конференциясида маълум қилди, дея хабар берди Spot.
«Биз бу қадамни банклар фаолияти самарадорлигини ошириш ва корпоратив риск-менежментни яхшилашда муҳим ютуқ деб биламиз. Бу эса ўрта муддатли истиқболда банкларнинг активлари сифати ва даромаддорлигига ижобий таъсир кўрсатади», — деди Каптел.
Миллий инвестиция жамғармаси 2024 йил август ойида Президент Шавкат Мирзиёев қарори билан ташкил этилган. Унинг асосий мақсадлари — бошқарилаётган активлар қийматини ошириш, уларни ислоҳ қилиш ва халқаро институционал инвесторларни жалб қилишдир.
Жамғарма устав капиталига қуйидаги 18 та йирик давлат корхоналаридаги улушлар ўтказилган:
25% — «Бизнесни ривожлантириш банки»;
40% — «Микрокредитбанк»;
30% — «Халқ банки»;
25% — Uzbekistan Airports;
25% — Uzbekistan Airways;
25% — «Навоийазот»;
40% — «Миллий электр тармоқлари» ва «Ҳудудий электр тармоқлари»;
25% — «Темирйўлинфратузилма» ва «ИССиҚлик электр станциялари»;
25% — «Тошшахартранcхизмат»;
20–40% — «Ўзбектелеком», «Ўзбекгидроэнерго», «Uzpost» ва бошқа йирик корхоналар.
2025 йил февраль ойида Franklin Templeton Asset Management сингапур филиали жамғарма бошқарувчиси сифатида жалб этилгани маълум бўлди.
2024 йил якунига кўра, «Бизнесни ривожлантириш банки» ва «Микрокредитбанк» энг кўп зарар кўрган банклар бўлди: уларнинг зарари мос равишда 2,2 трлн ва 1,7 трлн сўмни ташкил этди. Бунга асосий сабаб — юридик шахсларга берилган муаммоли кредитлар бўлиб, банклар катта резервлар тузишга мажбур бўлган.
Аввалроқ Fitch 2025 йил якунига қадар «Алоқабанк», «Асакабанк» ва «Ўзсаноатқурилишбанк» каби 1-2 та йирик давлат банкини хусусийлаштириш муддати кечикиши мумкинлигини башорат қилган эди.