Валюта курслари 15/11/2024
$1 – 12800.13
UZS – -0.06%
€1 – 13467.02
UZS – -1.07%
₽1 – 129.02
UZS – -0.87%
Қидириш
Иқтисод 26/08/2016 Фермерлик ҳаракати – мустақиллик неъмати
Фермерлик ҳаракати – мустақиллик неъмати
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- Шу кунларда республикамизнинг барча ҳудудларида тобора яқинлашиб келаётган энг улуғ, энг азиз айём мамлакатимиз мустақиллигининг 25 йиллиги муносабати билан “Гўзал ва бетакроримсан, муқаддас Ватаним, жоним сенга фидо, Ўзбекистоним!” шиори остида тадбиркор ва фермерлар иштирокида ҳам турли семинарлар, амалий мулоқотлар ташкил этилмоқда.

Юртимизда жамият ривожи учун ўзининг муносиб улушини қўшиб келаётган ишбилармон фермер хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, мамлакатимизда амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар мазмун-моҳиятини аҳолининг кенг қатламларига етказиш орқали уларда тадбиркорлик ва фермерликка бўлган қизиқишини ошириш ҳамда жамиятимизнинг энг илғор қатлами фермер хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш мақсадида Фарғона водийсида фаолият юритаётган ишбилармон хотин-қизлар ўртасида “Фермерлик ҳаракати – мустақиллик неъмати” мавзуида амалий мулоқот ўтказилди.

Унда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, партиянинг Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси аъзолари, Андижон, Наманган, Фарғона вилояти фермер аёллари, Халқ депутатлари вилоят, туман (шаҳар) Кенгаши депутатлари ҳамда партия фаоллари иштирок этди.

Таъкидланганидек, мустақиллик йилларида хотин-қизларнинг меҳнатда, маданий-маънавий ҳаётда, жамоат ишларида ўрни ва мавқеи ҳар қачонгидан кўра тобора юксалиб бормоқда. Бу жараёнларда қатор давлат ташкилотлари қаторида нодавлат ташкилотлар ҳам турли ижтимоий-иқтисодий лойиҳалари, ташаббуслари билан фаол иштирок этиб келмоқдалар. Жумладан, O’zLiDeP “Аёллар қаноти” ҳамда қатор ташкилотлар билан ҳамкорликда ташкил этиб келинаётган “Фермер аёллар” лойиҳаси ҳам ўз навбатида, фермер аёлларнинг тажрибасини оммалаштиришда муҳим омил бўлмоқда.

Мухлиса Акармова, O’zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси раисининг ўринбосари:

– Ўзбекистонда фермер опа-сингилларимиз саъй-ҳаракатларини ҳар томонлама қўллаб қувватлаш, улар фаолиятига инновацион янгиликлар киритиш аввало, партиямиз олдидаги улкан вазифалардан саналади. Нега десангиз сўнгги йилларда O’zLiDeP томонидан фермерлик ҳаракатини ривожлантириш, хусусан замонавий фермер хўжаликларида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқариш, уларни қайта ишлаш, хотин-қизларни бандлигига кўмаклашиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилди.Бугунги мулоқотнинг асосий мақсади ҳам мустақиллигимизнинг илк кунларидан аграр соҳани янада ислоҳ қилиш борасида амалга оширилган саъй-ҳаракатлар, қўлга киритилган улкан ютуқларимиз, бу ишларда партиямиз электорати бўлган ишбилармон, тадбиркор ва фермерларнинг ҳам қўшган улкан ҳиссаларини яна бир бор эътироф этиш, ўзаро тажриба алмашиш ҳамда O`zLiDeP Дастури ва Сайловолди платформасида белгиланган мақсад ва вазифалар ижросини таъминлаш ва фермер хўжаликлари фаолиятида учраётган долзарб масалаларни Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлардаги партия депутатлик гуруҳлари томонидан партиявий воситалар орқали изчиллик билан ҳал этишдан иборат.

Барно Мирзамова, Наманган вилояти Уйчи туманидаги “Уйчиобод Замин” фермер хўжалиги раҳбари:

– Ўтиб бораётган ҳар бир кун мамлакатимиз мустақиллигининг 25 йиллик тўйига яқинлаштирмоқда.Мана шундай шодиёналар арафасида биз фермер аёлларнинг камтарона меҳнатимизни, озми-кўпми эришган ютуқларимизни эътироф этиб, иш тажрибамизни оммалаштириш мақсадида ташкил этилган бугунги тадбир менда катта таассурот уйғотди.Айниқса, ёш бўлишига қарамай фермерлик, деҳқончилик машаққатларидан чўчимай мазкур соҳани эгаллаш учун чин дилдан ҳаракат қилаётган сингилларимизни кўриб, жуда ҳам қувондим ва ўз тажрибамдан келиб чиқиб, фермерлик фаолиятини бошлаш учун нималарга эътибор қаратиш кераклиги ҳақида маълумотлар бердим.

Лола Муротова, Фарғона вилояти Олтиариқ тумани “Нурли обод” фермер хўжалиги раҳбари:

– Болалигимдан аграр соҳага бўлган қизиқишим катта. Йиллар давомида ер билан тиллашиб, вақти келганда диллашиб, деҳқончиликнинг сир-асрорларини мукаммал ўргандим. Ҳозир фермер сифатида юртимиз равнақи йўлида ўз улушимни қўшиб келаяпман.Тўғриси, касбим менга жудаям ёқади.Чунки фаолиятим давомида нафақат юртим ривожига хисса қўшаман, балки кўплаб ёшларни, айниқса, хотин-қизларнинг бандлигини таъминлайман.

Соҳиба Худойбердиева, Андижон вилояти Балиқчи туманида “Коинот” фермер хўжалиги раҳбари:

– Бугун юртимизда ер оламан, экин-текин қилиб юрт равнақига, мамлакат иқтисодиётига ўз улушимни қўшаман, аҳолининг турмуш фаровонлигини яхшилаб, хотин-қизларни иш билан таъминлайман деган аёлларимиз кўплаб топилади. Лекин ердан унумли фойдаланиш, бозорларимизни сархил мева-сабзавотлар билан тўлиқ таъминлаш бирмунча машаққатни талаб этади.Шунга қарамай жорий йилда мамлакатимиз ғалла хирмонига 40 центенердан ортиғи билан ғалла топширдик. Бундан ташқари, фермер хўжалигимизд махсус иссихона ташкил этиш баробарида янги иш ўринларини ҳам яратдик. Келгусида ўзимиз етиштираётган маҳсулотларни қайта ишлайдиган цех очиш ниятидамиз.Буларнинг барчаси биз фермерларга қаратилаётган юксак эътибор ва ғамхўрликларнинг ёрқин намунасидир.

Байрамона ўтган амалий мулоқот доирасида партия дастурида белгиланган вазифалардан келиб чиқиб, хотин-қизлар тадбиркорлигини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга қаратилган комплекс чора-тадбирлар режасини ҳаётга жорий этиш борасида тажрибалар алмашиниб, таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг