Вилоят ҳокимлиги, мудофаа ишлари бошқармаси, Ўзбекистон мудофаасига кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилоти вилоят бўлими, вилоят хотин-қизлар қўмитаси, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати, сиёсий партиялар вакиллари, маҳалла фаоллари уруш фахрийлари хонадонларида бўлиб, совға-саломлар берди.
Зомин тумани Даштобод шаҳарчаси Бахт маҳалласида истиқомат қилувчи 97 ёшли Умрзоқ бобо Анорбоевга махсус сертификат асосида сотиб олинган “Дамас” русумли автомашинани вилоят, туман ҳокимлиги, жамоат ташкилотлари вакиллари, маҳалла фаоллари тантанали равишда топширди.
– Уруш машаққатларини биз кўрдик, ёшлар асло кўрмасин, – дейди Умрзоқ ота. – Бугунги дориломон кунларга етказганига шукр. Ёшларни юртимиз тараққиёти ва халқимиз фаровонлиги йўлида сидқидилдан меҳнат қилиш, шу озод Ватанга муносиб бўлишга ундайман. Юртимиз тинчлиги, бугунги фаровон турмушимизга кўз тегмасин, халқимиз омон бўлсин, деб дуо қиламан. Давлатимиз томонидан кўрсатилаётган ғамхўрлик ва эъзоздан умримизга умр қўшилмоқда.
Фаоллар шу куни туманнинг Каттабоғ маҳалласида яшовчи 96 ёшли Абдураззоқ Орипов хонадонида ҳам бўлди. 1941-1945 йиллардаги урушнинг бошидан охиригача қатнашган отахон юртимиздаги тинчлик ва фаровонлик, давлатимиз фахрийларга кўрсатаётган эътибор учун шукроналик билдириб, дуо қилди.
Хотира ва қадрлаш куни олдидан вилоятда истиқомат қилаётган 61 нафар уруш фахрийси хонадонида ана шундай тантанали учрашувлар бўлиб ўтди. Уларнинг барчасига Президентимиз номидан мамлакатимизда ишлаб чиқарилган автомашинани навбатсиз харид қилиш учун сертификат топширилди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати А.Қодиров, «Миллий тикланиш» демократик партияси вилоят кенгаши аъзолари, партиянинг “Ёшлар қаноти” фаоллари Пахтакор туманидаги Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари, жумладан, 96 ёшли Бозорбой Шарипов хонадонида бўлди. Отахон кўрсатилган ғамхўрлик учун уларга миннатдорлик билдирди. ЎзА.