“Mirzo Ulugbek Innovation Center” Инновация марказига Фархад Ибрагимов директор бўлди. Мазкур тайинланишгача Фархад Ибрагимов Ўзбекистон Республикаси ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитасига қарашли “Компьютер ва геоахборот технологияларини ривожлантириш ва жорий этиш маркази” давлат унитар корхонасининг директори лавозимида фаолият юритган.
Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирининг биринчи ўринбосари Олимжон Умаров 2017 йилнинг 30 ноябрь куни янги раҳбарни Инновацион марказ ходимларига таништирди.
Олимжон Умаровнинг қайд этишича, Фархад Ибрагимов хусусий тармоқ билан ҳамкорликни ривожлантиришга масъул бўлади.
Янги директорнинг асосий вазифаларидан бири бизнес муҳитни яхшилаш йўли билан ахборот технологиялари тармоғини ривожлантириш, шунингдек, IT-саноати экспортини кўпайтириш бўлади.
Инновация марказининг аввалги раҳбари Хуршид Султанов, “Mirzo Ulugbek Innovation Center”да ишлашни давом эттиради. У Марказнинг ўқув муассасалари билан ҳамкорлиги учун жавоб беради.