Валюта курслари 15/11/2024
$1 – 12800.13
UZS – -0.06%
€1 – 13467.02
UZS – -1.07%
₽1 – 129.02
UZS – -0.87%
Қидириш
Иқтисод 10/10/2016 Фармон ижросини амалга оширишда O‘zLiDePнинг фаол иштирокини таъминлаш – муҳим вазифа
Фармон ижросини амалга оширишда O‘zLiDePнинг фаол иштирокини таъминлаш – муҳим вазифа
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- Ўзбекистонда хусусий мулк, тадбиркорлик ва кичик бизнесни ривожлантириш учун кенг имкониятлар ва қулай шароитлар яратилган. Хусусан, бугунги кунда тадбиркорлик ва кичик бизнеснинг мамлакатимиз ялпи ички маҳсулотидаги улуши 56,5 фоизга етиб, банд бўлган аҳолининг 78 фоизи ушбу тармоқда меҳнат қилмоқда. Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси ўз дастурий мақсад ва вазифаларидан келиб чиққан ҳолда иқтисодиётдаги таркибий ўзгартиришларни давом эттириш, унинг рақобатбардошлигини таъминлаш, иқтисодий ислоҳотларни тизимли равишда давом эттириш, хусусий мулкни ривожлантиришни жадаллаштириш, давлатнинг иқтисодиётдаги иштирокини қисқартиришнинг қатъий тарафдоридир.

Партиянинг фикрича, ушбу жараёнда хусусий тадбиркорлик ва кичик бизнес субъектлари манфаатларининг ишончли ҳимоясини таъминлаш, турли бюрократик тўсиқлар ва асоссиз текширувларни қатъий бартараф қилишга алоҳида эътибор қаратиш лозим. Яқинда Ўзбекистон Республикаси Президенти вазифасини бажарувчи Ш.Мирзиёев томонидан имзоланган “Тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлашга, хусусий мулкни ҳар томонлама ҳимоя қилишга ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармон бу борада амалга оширилаётган ишларда энг муҳим қадамлардан бири бўлди. Ушбу Фармон мамлакат иқтисодиётини барқарор ривожлантиришнинг асосий омили сифатида тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш йўлидаги маъмурий ғовлар ва сунъий тўсиқларни бартараф этиш юзасидан Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти томонидан белгиланган йўлнинг узвийлиги ва изчиллигини таъминлайди.

Шу муносабат билан 2016-йил 10-октябрь куни O‘zLiDePнинг Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси ва Қонунчилик палатасидаги фракцияси томонидан Ўзбекистон Фермерлари Кенгаши билан ҳамкорликда давра суҳбати бўлиб ўтди. Кун тартибидаги асосий масала ушбу Фармон қоидаларини рўёбга чиқаришда партиянинг фаол иштирокини таъминлашга доир чора-тадбирларни муҳокама қилиш ва ишлаб чиқишга бағишланди.

Тадбирда таъкидланганидек, Фармон тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш, хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва ишбилармонлик муҳитини яхшилаш борасидаги давлат сиёсатининг сифат жиҳатидан янги даражага ўтишидан далолат беради. Жумладан, ушбу ҳужжатда “кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликка кенг эркинлик бериш, уларнинг фаолиятига аралашувни тубдан қисқартиш, ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олди олинишини таъминлаш, уларнинг профилактикаси самарадорлигини ошириш ва ҳуқуқбузарликларга йўл қўйилмаслик" энг муҳим устувор йўналиш ва давлат органларининг биринчи даражали вазифаси сифатида белгиланган.

Тадбирда сўзга чиққанлар Фармонда белгиланган чора-тадбирлар ноқонуний текширишларни ташкил этишга ва уларни ўтказишга, айниқса, давлат органлари ходимларининг ноқонуний хатти-ҳаракатлари оқибатида тадбиркорлик субъектларининг фаолияти асоссиз тўхтатилишига ва зарар етказилишига йўл қўймасликка йўналтирилганини таъкидлади.

Шу сабабли, O‘zLiDeP тадбиркорлик фаолиятига қонунга хилоф равишда аралашганлик ва тўсқинлик қилганлик, уларнинг фаолиятини асоссиз тўхтатиб қўйганлик учун мансабдор шахсларнинг жавобгарлиги тўғрисидаги қонун ҳужжатлари нормалари талаблари қатъий бажарилиши, шунингдек, тадбиркорлик субъектларига етказилган зарарнинг бевосита айбдорлардан ундирилиши устидан депутатлик назоратини кучайтириши керак бўлади.

Иштирокчилар Фармонда кўзда тутилган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил институтининг ташкил этиши бу борада муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади. Ушбу янгилик тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш соҳасида қонунлар ижроси устидан Парламент назорати шаклларини кучайтириш имконини беради.

Раҳимжон Ҳакимов, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги O‘zLiDeP фракцияси аъзоси: - Партия фракцияси қонунчиликка ушбу Фармондан келиб чиқувчи тегишли ўзгартиш ва қўшимчаларни киритишга қаратилган қонун ижодкорлиги фаолиятида илғор ва фаол бўлиши лозим. Хусусан, коррупцияга қарши курашишнинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш, давлат ва бизнеснинг ўзаро ҳамкорлигидаги маъмурий тўсиқларни бартараф этиш, давлат ресурсларидан фойдаланишнинг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш шулар жумласидандир. Шунингдек, қўзғатилган жиноят ишлари бўйича текширувларини тайинлаш, ўтказиш ва уларнинг муддатини узайтиришнинг аниқ тартиби белгиланишини назарда тутувчи ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш лозим.

Партиянинг ушбу йўналишдаги фаолиятининг яна бир муҳим вазифаси Фармонда белгиланган тадбиркорлик субъектлари фаолиятига асоссиз аралашувни олдини олувчи ишончли ҳуқуқий механизмлар ва кафолатларни мамлакатимиз тадбиркорларига етказишга қаратилган кенг тарғибот-ташвиқот ишларини йўлга қўйишдан иборат. Жумладан, 2017 йил 1 январдан тадбиркорлик субъектларини режадан ташқари текширишларнинг барча турларини бекор қилиш (айрим истисноликлардан ташқари) ҳамда тадбиркорлик субъектлари фаолиятини, шу жумладан, жиноят ишлари доирасидаги муқобил текширишларнинг барча турларини бекор қилиш каби мисли кўрилмаган чоралар татбиқ этилмоқда.

Тадбирда назорат қилувчи органлар эндиликда режадан ташқари текширишлар ўтказишни ташкил қилиш ҳуқуқига эга эмаслиги таъкидланди. Бунда фуқароларнинг ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий механизмларини таъминлаш мақсадида фақат жисмоний ва юридик шахсларнинг қонун ҳужжатлари бузилиши ҳолатлари тўғрисидаги мурожаатлари асосида қисқа муддатли текширишлар ўтказишнинг чекланган имконияти сақланиб қолади. Бундай текшириш фақат Республика кенгашининг қарорига мувофиқ ўтказилиши мумкин ва текшириш муддати бир иш куни билан чекланган.

Шу билан бирга, Фармон молия-хўжалик фаолиятини амалга оширишда биринчи марта ҳуқуқбузарликлар содир этган тадбиркорлик субъектлари ва уларнинг ходимларини ҳамда тадбиркорлик фаолиятини давлат рўйхатидан ўтказмасдан амалга ошираётган шахсларни, улар томонидан етказилган зарарни қоплаган ва ҳуқуқбузилиши оқибатларини белгиланган муддатларда ихтиёрий бартараф этган тақдирда, жавобгарликнинг барча турларидан озод қилиш каби тубдан янги чораларни назарда тутади.

Бундан ташқари, тадбиркорлик субъектларига нисбатан тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқидан маҳрум қилиш тарзидаги жиноий жазо қўллаш тақиқланган. Тадбир иштирокчилари ушбу чоралар маъмурий ва жиноят қонунчилигини либераллаштириш йўлида муҳим қадам эканлигини қайд этдилар.

Республиканинг инвестициявий жозибадорлигини ошириш учун хорижий инвестициялар иштирокидаги янгидан ташкил этилган ишлаб чиқариш корхоналарига беш йил мобайнида улар рўйхатдан ўтказилган санада амалда бўлган солиқ ставкалари ва бошқа мажбурий тўловларни қўллаш ҳуқуқи берилади.

Давра суҳбати якунида таъкидланганидек, қабул қилинган Фармон O‘zLiDeP электоратининг манфаатларига тўлиқ жавоб беради, чунки аввало хусусий мулкнинг ҳуқуқий ҳимоясини кучайтириш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик учун қулай шароитлар яратиш ва уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, мамлакатимиз инвестициявий жозибадорлигини оширишга қаратилган. Бу вазифалар ижроси O‘zLiDePга ҳам алоҳида масъулият юклайди, шу сабабли партия бор кучи ва имкониятларини Фармонни амалиётга татбиқ этиш ва сўзсиз ижросини таъминлашга қаратади.

O‘zLiDeP Матбуот хизмати

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг