Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги марказида, муассаса директори Алишер Темиров, USAID - АҚШ Халқаро тараққиёт агентлигининг Соғлиқни сақлаш офиси янги директори Тара Милани билан учрашув ўтказди.
Учрашувда томонлар фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлигини таъминлаш соҳасидаги ҳамкорликнинг муҳим йўналишларини муҳокама қилдилар.
Алишер Темиров Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги марказининг асосий вазифалари, эришилган ютуқлар ва USAID билан ҳамкорликда амалга оширилган лойиҳалар ҳақида маълумот берди.
Тара Милани USAIDнинг Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш тизимини янада ривожлантиришга қаратилган саъй - ҳаракатлари, хусусан, фармацевтика соҳасини қўллаб-қувватлашга бағишланган ташаббуслари ҳақида маълумот берди. Шунингдек, у келгусидаги ҳамкорлик истиқболлари ҳақида ўз фикрлари билан ўртоқлашди.
Таъкидлаш жоизки, Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази ва USAID ўртасидаги ҳамкорлик юртимизда фармацевтика маҳсулотларининг хавфсизлиги ва сифати бўйича халқаро стандартларга мувофиқлигини таъминлашга хизмат қилади.